ЎзМТДП (Миллий тикланиш демократик партияси) Сурхондарё вилоят Кенгашининг  навбатдаги кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда ўтган 2016 йил якунлари, амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда 2017 йилда бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама этилди. 

Дастлаб Мажлисни кириш сўзи билан ЎзМТДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси Б.Худайқулов очиб берар экан, сиёсий партия сифатида давлат, жамият ва электорат манфаатларига мос фаолият мезонларини белгиладикми, деган савол билан мажлис иштирокчиларига мурожаат қилиб, биз кўп йиллардан бери ўз фаолият мезонларимизни етарли даражада ўзгартирмадик, дея таъкидлаб ўтди. – Оқибатда янгиликка интилиш, ташаббускорлик, замонавий сиёсий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва тадбиқ этишда оқсоқликка йўл қўйдик. Айниқса, кўп йиллардан буён  партиянинг фаолияти ва иш мезони асосан тадбир ўтказишда деб билиб келганимиз – партиянинг асосий мақсадларини амалга оширишга халақит бермоқда. Бундай иш усули ва ёндашувга энди қайтилмайди, тамоман ўзгача руҳ ва мазмундаги, янгича формат ва кўринишдаги – тадбирлар ташкил этамиз. Бунда тадбирнинг сифати, мазмуни, таъсирчанлиги ва тадбирда ишлаб чиқиладиган янги ғоя, фикр, ташаббус – бош мезонга айланади, – деди Б.Худойқулов.

Йиғилишда ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси котиби Ҳусниддин Ражабов сўзга чиқиб, 2017 йилнинг Президентимиз томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани ЎзМТДП зиммасига ҳам катта масъулият юклайди, хусусан, бунда барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ҳамда партия вилоят кенгашининг ишини юқори босқичга олиб чиқиш, фаолиятни амалга оширишнинг механизмларини такомиллаштириш, энг муҳими халқ орасига кириб бориш барчамиздан юксак масъулиятни талаб этади, – дея таъкидлади. 

– Халқимизни ўйлантираётган масалаларнинг ечимига эътибор қаратиш, улар билан ҳамнафас бўлиш, оғирини енгил қилишдаги ташаббус ҳамда халқ вакили номига содиқлик аввало партиямизга, қолаверса юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга фуқароларнинг ишончини орттиради, – деди Ҳ.Ражабов. 

Пленумда халқ депуталари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлардаги партия гуруҳлари ва депутатлари фаолиятини тубдан ўзгартириш ва кучайтириш масаласини асосий вазифа сифатида ЎзМТДП иш режасига киритилиши белгилаб олиниб, таҳлил ҳам айнан шу масалага қаратилди. 

Бугунги кунда Халқ депутатлари вилоят Кенгашида 7 нафар ва туман (шаҳар) Кенгашларида 70 нафар партиядан сайланган депутатлар фаолият юритмоқда.

Ҳисобот даврида халқ депуталари вилоят ва туман, шаҳар Кенгашларида мавжуд 12 партия гуруҳларидан атиги 3таси, яъни Узун, Қизириқ ва Шеробод туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари сессиялар кун тартибига масалалар киритиш ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинишига эришди.

Жумладан, 2016 йилнинг 5 август кунида халқ депутатлари Узун Кенгашидаги партия гуруҳларига партиямиз Сайловолди платформасида белгиланган муҳим вазифалардан келиб чиқиб, халқ депутатлари Узун туман Кенгаши сессия йиғилишига “Узун туманидаги маданий мерос обьектларининг хозирги кундаги аҳволи тўғрисида”ги масала киритилди ва тегишли қарор қилинишига эришилди.

Бундан ташқари, 2016 йилнинг 19 октябрь кунида халқ депутатлари Қизириқ Кенгашидаги партия гуруҳларига партиянинг Сайловолди платформасида белгиланган муҳим вазифалардан келиб чиқиб, халқ депутатлари Қизириқ туман Кенгаши сессия йиғилишига “Қизириқ туманидаги маданий мерос обьектлариниг инвентаризациядан ўтказиш, ўрганиш, рўйхатини ишлаб чиқиш сақлаш ва фойдаланиш маслалари тўғрисида”ги масала киритилган ва Қизириқ тумани Маданият ва спорт ишлари бўлими бошлиғи Э.Э.Алимардоновнинг маърузаси маьлумот учун қабул қилинган ҳамда тегишли қарор чиқарилишига эришилган.

Депутатлик фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши бу фуқаролар мурожаатлари ҳамда қонунлар ва ҳукумат қарорларининг ижроси юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари билан мурожаат этиб, муайян вазифаларни ҳал этишдир.

Партия вилоят Кенгаши томонидан олиб борилган таҳлиллар натижасига кўра, 2016 йилда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига партиямиздан сайланган депутатлар томонидан 471та депутатлик сўровлари амалга оширилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2015 йилга нисбатан 60тага кўпайган. 

Фуқаролар мурожаатлари асосида депутатлик сўровларни амалга оширишда Ангор, Шеробод, Узун, Музработ, Шўрчи туманларида халқ депутатлари Кенгашларидаги депутатлар бир қатор ижобий натижаларга эришган.

Лекин, 2016 йил давомида халқ депутатлари Қумқўрғон, Жарқўрғон, Олтинсой ҳамда Термиз туман кенгашларидаги партия гуруҳи аъзоларининг ушбу йўналишдаги фаолиятида анча пасайиш кузатилиб, сусткашликка йўл қўйилаётгани аниқланди. 

Шунингдек, ўтказилган таҳлиллар Қонун ва ҳукумат қарорлари ижроси юзасидан депутатлик сўровларини амалга оширишда ўтган йилга нисбатан 70тага пасайиш кузатилиб, барча халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлар томонидан ушбу йўналишда сусткашликка йўл қўйилган. Депутататлик гуруҳлари ўзларининг қонунчилик томонидан тақдим этилган ваколатларидан етарлича фойдаланиши, хусусан, давлат дастурларининг ижро этилиш юзасидан депутатлик назоратини амалга оширилиши жойларда юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этилишига олиб келиши қайд этилган. 

Музокараларда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис  Сенати аъзоси Ш.Арипова, халқ депутатлари Термиз шаҳар  Кенгаши депутати Д.Нормуродова  кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришди. 

Наргиза Шайдуллаева
ЎзМТДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби