Сурхондарёда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади

Ўзбекистон 14 Февраль 2017 7263

Бугун, 14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори имзоланди. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. 

2. Имом Термизий халқаро марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланиши эътиборга олинсин: 

ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш; 

юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш мақсадида зарур дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаш юзасидан доимий иш олиб бориш; 

турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни азалий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш; 

Имом Термизий ва термизий алломаларнинг бой меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида хорижий илмий марказлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро конференция, симпозиум, кўргазма, илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш; 

мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган термизий алломалар ҳамда буюк мутафаккирларимизнинг қўлёзма ва тошбосма асарлари нусхаларини, улар ҳақидаги китобларни тўплаш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;

маънавий меросимизни ўрганишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланишга доир тегишли илмий ишланма ва тавсияларни тайёрлаш. 

3. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда бир ой муддатда Марказнинг тузилмаси ва Низомини тасдиқлаш, унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш тавсия этилсин. 

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Марказ биноси ва унинг кутубхонасини қуриш, зарур моддий-техник база ва инфратузилмаларни барпо этиш ҳамда ривожлантириш лойиҳаларини тасдиқлаш ва амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин. 

4. Марказ фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Термизий ёдгорлик мажмуаси, ҳомийлик хайриялари ҳамда хорижий мамлакатлар ва халқаро диний-илмий марказларнинг маблағ ва грантлари ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинсин. 

5. Маҳаллий ва хорижий юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг қурилиш ва ободонлаштириш ишларига йўналтириладиган маблағлари учун Марказнинг ҳисоб рақами очиқ экани қайд этилсин. 

Марказни ташкил этиш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳомийлик хайриялари юридик шахслардан олинадиган фойда солиғидан озод қилинсин. 

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.М.Султонов зиммаларига юклансин. 

Кун янгиликлари
Opal English ўқувчилари IELTS имтиҳонидан 7-8 балл олишди
14:04 / 29.03.2017 7885 Жамият
Оролни қутқариш мумкин: ўзбек олими бунинг лойиҳасини тақдим этди
09:25 / 28.03.2017 38415 Ўзбекистон
Милицияга «Самарқанд дарвоза»га бомба қўйилгани ҳақида ёлғон хабар берилди
20:59 2786 Жамият
Ходорковский ҳаракати Россия президентига қарши акция ўтказмоқчи
20:49 1263 Жаҳон
МПА Тошкент шаҳар бўлими ногирон ўсмирларни волейбол жамоасига таклиф қилади
20:45 229 Спорт
Cadillac 4 йил ичида 8 та янги модел ишлаб чиқармоқчи
ЖЧ-2026’да конфедерацияларга нечтадан ўрин ажратилиши расман маълум қилинди
20:25 2485 Спорт
Катта миқдорда "сунъий қон" олиш усули ишлаб чиқилди
20:09 1263 Жамият
Камералар қайд этган қоидабузарликлар ва жарималар ҳақида интернет орқали билиш мумкин бўлади
Туркия АҚШдан Гуленни вақтинчалик ҳибсга олишини кутмоқда
19:56 1282 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар