Лойиҳанинг расмий номи – «Тик ёки ўта қисқа учувчи ва қўнувчи қурилмани намойиш этувчи» деб номланган. Аслида, мутахассислардан учар йўлтанламасни ишлаб чиқишларини кутишмоқда. Қурилма мавсумий ва йил бўйи йўллар мавжуд бўлмаган, авиация инфратузилмалари яхши ривожланмаган ҳудудларга юклар ва йўловчиларни ташишда қўлланилади. 

“Бизга бошқарилувчи ва анча-мунча арзон «учувчи автомобиль» керак. Гап тўлақонли учар қурилма ҳақида, аммо бир жиҳатдан автомобиль ҳам бўлган техника керак”, - дейди лойиҳа етакчи маслаҳатчиси Ян Чибисов. Унинг қайд этишича, лойиҳанинг асосий вазифаси учувчи ва ҳайдовчи ўртасидаги фарққа барҳам беришдир. 

«Россия муҳандислар иттифоқи» биринчи вице-президенти Иван Андриевскийнинг ёдга олишича, Airbus ва Uber каби йирик компаниялар ҳам учар автомобиллар устида бош қотирмоқда. Google асосчиларидан бири бу соҳага қизиқиш билдирмоқда. Бошқа мамлакатларда учар автомашиналар яратиш бўйича турли стартаплар – Словакияда AeroMobil, Исроилда Urban Aeronautics, Хитойда EHang ва Германияда Carplane кабилар мавжуд. 

Мисол учун, AeroMobil шу йилнинг ўзидаёқ учар автомобилларни сотишни йўлга қўйишни режалаштирган. AeroMobil 3.0 харидорга 200 минг еврога тушади. Унча катта бўлмаган самолёт ҳам шу атрофда туришини ҳисобга олсак, AeroMobil 3.0 қурилмасининг фойдали иш коэффициенти юқори бўлиши аниқ. Битта салбий томони, бу автомобиль ҳавога кўтарилиши учун 200-310 метрлар масофада тезлашиши талаб этилади.