Tesla компанияси БААда ўз электрокарлари савдосини йўлга қўйиб, Яқин Шарқ бозорига чиқди. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.

Компания Model S седанлари ва Model X йўлтанламасларига буюртмалар қабул қила бошлади. Илк маҳсулотлар жорий йилнинг ёзида етказиб берила бошланади. Tesla июль ойида Яқин Шарқдаги биринчи сервис марказини очишни режалаштирмоқда. Ҳозирча фақатгина Dubai Mall савдо марказида савдо нуқтаси очилди. Бундан ташқари, кейинги йилда Абу Забида тўлақонли дўкон ва сервис маркази харидорлар учун ўз эшигини очади.

Таъкидланишича, БАА дунё нефть захираларининг 6 фоизига эга бўлиб, ОПЕКдаги энг йирик ишлаб чиқарувчилар рўйхатида тўртинчи ўринни эгаллайди. Мамлакат шунингдек Дубай полицияси автопаркида Ferrari, Lamborghini ва Bentley каби компанияларнинг суперкарларидан фойдаланиш билан ҳам машҳурдир.

Айни дамда Tesla Дубайда электрокарлар учун иккита қувватлантириш станцияларни очган бўлиб, йил охирига қадар эса тармоқни яна 5та станцияга кенгайтириш режалаштирилмоқда. БААда Tesla нархлари Model S учун 74,88 минг АҚШ доллари ва Model X учун 93,63 минг АҚШ долларидан бошланади.

Tesla шунингдек Баҳрайн, Саудия Арабистони ва Уммон бозорига чиқишни ҳам режалаштирмоқда.