Европа чемпионлар лигасидан ўрин олган яна бир учрашув Лиссабонда бўлиб ўтади. Европанинг энг кучли 8 жамоасига ким муносиб эканини аниқлаб берувчи ўйин олди воқелари билан Tribuna.Uz сизни таништириб ўтади.

ЕЧЛ. 1/8 финал
БЕНФИКА – БОРУССИЯ Д

14 февралдан 15 февралга ўтар кечаси 00:45. Лиссабон. «Эштадиу Да Луж» 
Бош ҳакам: Никола Риццоли (Италия)
Трансляция: (Матч! Футбол 1)

Агар плей-офф ўйинлари янги йилга қадар ўтказилганида эди  «Боруссия»нинг кейинги босқичга чиқишига ҳеч ким шубҳа қилмаган бўларди. Аммо ҳозирга келиб вазият кескин ўзгарган. Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги феноменал натижадан кейин дортмундликлар жамоаси ўйинида пасайиш кузатилмоқда. 

Португалияликлар атиги 8 очко тўплаб плей-оффга чиқиб олган бўлишларига қарамай, ҳозирда ўзларини яхши ҳис қилишмоқда. Тухел шогирдлари ўйинидаги пасайишдан жамоа фойдаланиб қолишга уриниши табиий. «Бургутлар» плей-оффда иштирок этиш бўйича яхшигина тажрибага эга. Ўтган йили ҳам жамоа гуруҳни иккинчи ўринда якунлаб, охир-оқибатда чорак финалга қадар етиб боришни уддалаганди. Бу сафар биринчи учрашувни ўз майдонида ўтказиш орқали устунликка эга бўладиган лиссабонликлар кетма-кет иккинчи марта Европанинг энг яхши 8 жамоаси сафига кириши мумкин бўлади.

Ўйин олдидан
«Бенфика»

Учрашувга «Бенфика» яхши кайфиятда етиб келмоқда. Январ охиридаги икки муваффақиятсиз ўйиндан (чемпионатда «Витория Сетубал»га имконият бой берилди. «Мойеренсе» лига кубогида «Бенфика»ни мусобақадан чиқариб юборди) сўнг жамоа яна ўзига келди ва ички чемпионат доирасидаги иккита учрашувда ҳам бир хил 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Руи Витория шогирдлари Португалия чемпионатида пешқадамлик қилиш давом этмоқда. Ҳозирда яқин таъқибчиси «Порту» улардан бир очко ортда қолаяпти. Азалий рақиб «Спортинг» эса анча ортда қолиб кетган.

«Боруссия» Д

Германия чемпионатидаги ғалати мавсум чемпионат фаворитлардан бири саналган Дортмунд клубига ҳам зарар келтиришга улгурган. Жамоа бундеслига доирасидаги сўнгги 7 учрашувнинг бор-йўғи иккитасида ғалаба эришган холос. Дормтундликлар жамоаси Германия кубоги доирасидаги учрашувда ўз уйида «Ҳерта»ни фақатгина пенальтилар сериясига кўра мағлуб этишни уддалади. Томас Тухелнинг ўзи ҳам жамоасидан жуда кўп натижа кутиб юбормасликларини сўрагани кўп нарсадан далолат бериб турибди.

Ўзаро ўйинлар

Икки жамоа шу кунга қадар фақат икки марта тўқнаш келган. Бундан деярли 54 йил муқаддам айнан шу мусобақанинг 1/8 финалида икки жамоа ўзаро учрашган. Ҳали турнир Чемпионлар кубоги номи билан юритиладиган ўша мавсумда 1/4 финал йўлланмасини икки ўйин натижасига кўра «Боруссия» қўлга киритган. «Бенфика»да 1:2 ҳисобида имкониятни бой берган немислар, ўз уйида рақиб дарвозасига жавобсиз бешта гол йўллаган. Демак, ўзаро ўйинлар бўйича тенглик: 2 ўйин, биттадан ғалаба. Тўплар нисбати бўйича эса дортмундликлар устун: 6-2.

Йўқотишлар
Йўқотишлар бўйича вазиятни тенг баҳолаш мумкин. Иккала жамоада ҳам 2 нафардан футболчининг майдонга туша олмаслиги аниқ бўлиб улгурган. Жароҳати сабабли «Боруссия» футболчилари Свен Бендер ва Марио Гётце, «Бенфика»дан Лисандро Лопес  майдонга туша олмайди. Андрий Живкович эса («Бенфика») дисквалификация туфайли учрашувни ўтказиб юборади.

Тахминий таркиблар
Бенфика:
Эдерсон Мораес, Луизао, Виктор Линделёф, Элизеу, Нелсиньо, Любомир Фейса, Андре Каррильо, Эдуардо Сальвио, Пицци, Жонас, Костас Митрўғлу
Боруссия Д: Роман Бюрки, Марк Бартра, Сократис Папастатопулос, Лукаш Пишчек, Марсель Шмельцер, Рафаэль Геррейру, Гонсало Кастро, Юлиан Вайгль, Марко Ройс, Усмон Дембеле, Пьер-Эмерик Обамеянг.