Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришнинг рухсат этилган меъёрларига мувофиқ умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган қимматбаҳо тошлар ва қимматбаҳо металдан тайёрланган 5 донагча заргарлик буюмларини олиб киришга рухсат этилади.

Қолаверса, божхона чегараларини кесиб ўтиш пайтида тўлдириладиган йўловчи божхона декларациясида олиб ўтилаётган қимматбаҳо заргарлик буюмларининг миқдори аниқ кўрсатилиши шарт.

Шунга қарамай, Тошкент халқаро аэропортида Истанбулдан учиб келган фуқаролар Отабаева ва Сотиболдиевалар (мақоладаги барча исм шарифлар ўзгартирилган) мазкур тартибларни бузишга уринишди. «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ушбу шахслар божхона кўригидан ўтказилганда, уларнинг қинғир қилмишлари фош этилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Жумладан, фуқаро Сотиболдиева йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 294 гр. оғирликдаги тилла ва кумушдан тайёрланган 87 дона заргарлик буюмларини қўл юклари орасига яширган ҳолда олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Унинг ҳамроҳи Отабоевага эса божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уриниб, 61 гр. оғирликдаги 10 дона тилла тақинчоқларни эгнидаги кийимларининг чўнтакларига яширганча олиб ўтиш режаси наф бермади.

Шунингдек, пойтахт аэропорти божхоначилари “Сеул-Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган фуқаро Баҳромовнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйишди. Ушбу шахс ҳам божхона назоратидан яширганча 3 турдаги 35 дона қўл телефонларини олиб киришни кўзлаган эди. Аммо бу режа ўз вақтида чипакка чиқарилди.

Худди шундай ҳолат Фарғона вилояти божхоначилари томонидан ҳам аниқланди. Чегарадош ҳудудда ҳаракатланаётган “Нексия” автомашинаси ўрнатилган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилганда, эр-хотин Содиқовалар қиймати 34,5 млн. сўмлик 5 турдаги 45 дона уяли алоқа воситаларини белларига боғлаб олганча, қўшни давлатдан олиб киришга уринишгани аниқланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига радиоэлектрон воситалари ва юқори частотали қурилмаларни келтириш тўғрисидаги тартибларга мувофиқ шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган 1 донадан ортиқ уяли алоқа воситаларини олиб кириш Электромагнит мослашув марказининг рухсатномаси асосида амалга оширилади.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.