Украина бош вазири Владимир Гройсман мамлакатнинг собиқ бош вазири, парламентдаги “Батькивщина” фракцияси етакчиси Юлия Тимошенкони “Украина иқтисодий кучсизлиги”, коррупция ва популизм онаси деб атади.

Унинг таъкидлашича, Тимошенко ўзининг 20 йиллик сиёсий фаолияти давомида “Украинани йўқотиш учун барча ишни амалга оширган ва унга ҳар доим кимдир ҳалал берган”. Гройсманнинг эслатишича, Тимошенко 2007 йилда уни Винница шаҳри ҳокими лавозимидан четлатишга уринган, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмаган.

“У мамлакат бош вазири бўлганидан ўн йил ўтди, Винница шаҳарлар рейтингидан 49-ўриндан биринчи поғоналарга кўтарилган бўлса, Украина унинг бошқаруви остида – сўнгги ўринларга тушиб кетди”, - қўшимча қилиб ўтди у.

Гройсман сайланганидан сўнг Рада ҳукумат фаолиятининг дастурини маъқуллади – бу бир йил давомида унинг истеъфосини имконсиз қилади. Шу тариқа, амалдаги ҳукуматда 2017 йилнинг апрелига қадар “иммунитет” бор бўлиб, унинг истеъфосига сабаб бўлувчи ҳеч қандай юридик имконият йўқ.

Аввалроқ Тимошенко Гройсман бошчилигидаги Украина ҳукуматини истеъфога чиқаришга ҳаракат қилишини айтди. Бу коммунал хизматлар тарифларининг инқирози фонида юз берди. “Батькивщина” ўтган жума куни Украина бош вазирини истеъфога чиқариш ҳақида таклиф қилди, ҳужжат лойиҳаси парламент расмий сайтида рўйхатдан ўтказилган. Бироқ ўша куннинг ўзидаёқ ҳужжат йўқолиб қолди, Тимошенко эса лойиҳа парламент сайтида душанба куни пайдо бўлмаса, судга мурожаат қилишини маълум қилганди.

Украинада 2014 йилдан бери Халқаро валюта жамғармаси билан ҳамкорлик доирасида аҳоли учун газ нархлари бир неча бор ошди, шу билан бир вақтда, уй-жой коммунал хизматлари тарифлари ҳам қимматлашган. “Кўк ёқилғи”нинг минг куб метри қиймати аҳоли учун 2013 йилда 725 гривендан 2016 йилда 6,879 минг гривенгача ўсди.

Украина ҳукумати шу муносабат билан аҳолининг кам таъминланган қатламларига ошиб кетган тарифлар учун компенсация харажатлари бўйича дастурни ишга туширди. Бу манзилли субсидияларни тақдим этиш орқали амалга оширилади. Ҳужжатга кўра, истеъмолчилар аввалига хизматлар қийматининг 50 фоизини тўлашлари мумкин, қолган қисм эса келаси иситиш мавсуми бошланишига қадар қопланиши керак.