Венесуэла ва Хитой 13 февралда умумий қиймати 2,7 млрд долларлик, ҳамкорлик ҳақидаги 22 та янги келишувни имзолади, деб хабар берди Венесуэла президенти Николас Мадуро. 

Мадуронинг айтишича, Хитой билан 2004 йил охиридан 790 та қўшма лойиҳа йўлга қўйилган. Улардан нефть, қурилиш, турар-жой, алоқа йўлдошларини учириш ва турли ишлаб чиқариш соҳаларидаги 495 таси якунланган. Яна 205 та лойиҳа амалга оширилиши давом этмоқда, 90 та лойиҳа эса яқин орада бошланади.

Мадуронинг таъкидлашича, 2007 йилда ташкил этилган Хитой-Венесуэла жамғармаси  Венесуэла ривожланишига 20 млрд доллар киритган. Яна 42 млрд доллар маблағ йирик инвестициялар жамғармаси орқали инвестиция қилинган ва шу тариқа, Хитойнинг Жанубий Американинг ушбу давлатига киритган умумий инвестициялар миқдори 62 млрд долларга етган.