Европа чемпионлар лигасининг нимчорак финал ўйинлари давом эттирилади. Tribuna.Uz чоршанба кунги учрашувларнинг марказий сифатида қаралаётган Мюнхендаги учрашув анонси билан таништирди.

ЕЧЛ. 1/8 финал
БАВАРИЯ- АРСЕНАЛ

16 февралга ўтар кечаси, соат 00:45, Мюнхен «Альянц-Арена» стадиони.
Бош ҳакам: Милорад Мажич (Сербия)
Трансляция: UzReport, Матч ТВ

«Уч нарса абадий — сув оқаверади, олов ёнаверади, «Арсенал» ва «Бавария» ЕЧЛда бир-бирига қарши ўйнайверади». Сўнгги йиллардаги қуръа натижаларидан кейин энг кўп янграган мазкур ҳазиломуз иборада ҳақиқат борга ўхшаб туюлади. Жорий мавсумни ҳам қўшиб ҳисобласак, сўнгги 5 йилда тўртинчи марта бу икки жамоа ўзаро ҳисоб-китоб қилишига тўғри келмоқда. 

Ўйин олдидан
«Бавария»

«Бавария»ни ўйинга идеал формада етиб келди, деб бўлмайди. Жамоа бундеслига доирасидаги сўнгги етти учрашувнинг 3тасида очко йўқотди. Карло Анчелотти шогирдлари «Ингольштадт», «Вердер» ва «Фрайбург» каби даражасидан анча паст жамоаларга қарши ўйинларда катта қийинчиликлар эвазига зафар қучишни уддалади. Аммо ички чемпионатдаги рақобатчиларнинг бўш ўйини жамоани Германияда хотиржам бўлишга ва асосий эътиборни еврокубокларга қаратишга ундамоқда.

«Арсенал»

«Арсенал» Англияда ўша-ўша жамоа. Ўша-ўша ўрин, ўша-ўша натижалар. Мавсум якуни яқинлашгани сари жамоа чемпионликдан умидини узишни бошлади. Чемпионатдаги кетма-кет икки мағлубиятдан сўнг жамоа «Ҳалл Сити»ни мағлуб этишга (2:0) муваффақ бўлди.

Ўзаро ўйинлар
Иккала жамоа шу кунгача жами 10 марта тўқнаш келган. Эътиборли томони, учрашувларнинг барчаси 2000 йилдан кейинга тўғри келади. Ўзаро ўйинларнинг 5тасида мюнхенликлар, 3тасида лондонликлар устун келган, икки ўйинда эса муроса кўчаси танланган. Тўплар нисбати — 17-11, немислар фойдасига. Ўтган мавсумда гуруҳ босқичида лондонликлар Мюнхенда 1:5 ҳисобида мағлуб бўлган, ўз майдонларида кечган жавоб учрашувида 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. 2000/2001 йилги мавсумнинг иккинчи гуруҳ босқичида Лондонда 2:2 ҳисобидаги дуранг қайд этилган, Мюнхенда мезбонлар минимал ҳисобда ғалаба қозонган.

«Бавария» 2004/2005, 2012/2013 ва 2013/2014 йилги мавсумларда «Арсенал»ни нимчорак финалда тўхтатган. 2013/2014 йилги мавсум нимчорак финалида Лондонда 2:0 ҳисобида устун келган «Бавария» Мюнхенда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган. Ундан олдинги мавсум нимчорак финалида эса мюнхенликлар Лондонда 3:1 ҳисобида, лондонликлар Мюнхенда 2:0 ҳисобида ғалаб қозонган. Меҳмонда урилган гол «Бавария»ни чорак финалга олиб чиққан. 2004/2005 йилги мавсум нимчорак финалида «Арсенал» Лондонда 1:0, «Бавария» Мюнхенда 3:1 ҳисобида зафар қучган.

Қизиқарли фактлар
– «Бавария» сўнгги беш мавсум давомида 17-марта Англия жамоларига қарши майдонга тушади;
– «Бавария» Англия жамоаларига қарши жами 49 учрашув ўтказиб, 19 марта ғалаба қозонган, 16 учрашувда дуранг қайд этилган, 14 мағлубият;
– Инглиз жамоаларига қарши ўз уйида ўтказган 19 учрашувда 13та ғалабани қўлга киритган;
– Мюнхенликлар Чемпионлар лигасида ўз уйида кетма-кет 15 марта ғалаба қозониб (учтаси ушбу мавсумда), бу борада амалдаги рекордчи ҳисобланади;
– мюнхенликлар ўз уйидаги сўнгги икки учрашувдан буён «Арсенал»ни мағлуб эта олмаяпти;

– «Арсенал» 2005/2006 йилги мавсумдан буён илк марта гуруҳ босқичини мағлубиятсиз якунлади;
– Венгер шогирдлари сўнгги 6 мавсумнинг барчасида иштирокини айнан нимчорак финалда тугатган. Жумладан, улар 1/8 финалда икки марта «Бавария»га имкониятни бой берган;
– лондонликлар сафарда ўтказган сўнгги 7 ўйинидан 3тасида имкониятни бой берган;
– Германиядаги сўнгги 17 учрашувда 5 мартасида лондонликлар ғалаба қозонишган;
– немис жамоаларига қарши «Арсенал» 34 марта тўқнаш келган: 16 ғалаба, 6 дуранг ва 12 мағлубият.

Йўқотишлар
Карло Анчелотти бу учрашувда асосий футболчилари Жером Боатенг ва Франк Рибери хизматидан фойдалана олмайди. Хаби Алонсо умумий гуруҳ машғулотларига қайтган, лекин унинг майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда.

«Арсенал» таркибида эса муаммолар кўпроқ. Санти Касорла, Аарон Рэмзи каби марказий яримҳимоячилар анчадан буён жамоага ёрдам бера олишмаяпти. Шунингдек жамоа сардори Пер Мертезакерда ҳам худди шундай вазият. Шунингдек, Петр Чехнинг ҳам бу учрашувда захирада қолиши кутилмоқда. Венгер бу учрашувда ҳам дарвозани Давид Оспина қўриқлашини билдирган.

Тахминий таркиблар
Бавария: 
Мануэль Нойер, Матс Ҳуммелс, Хави Мартинес, Филипп Лам, Давид Алаба, Артуро Видаль, Арьен Роббен, Дуглас Коста, Тияго Алькантара, Томас Мюллер, Роберт Левандовски.

Арсенал: Давид Оспина, Начо Монреаль, Лоран Косельни, Шкодран Мустафи, Эктор Беллерин, Франсис Коклен, Муҳаммед эн-Ненни, Месут Ўзил, Тео Уолкотт, Алекс Ивоби, Алексис Санчес.