Тавба, ажойиб замонда яшаяпмиз. Бир томондан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев барча амалдорлардан халқ билан яқинроқ муносабатда бўлишга, уларнинг мурожаатларига катта эътибор қаратишни сўрамоқда, бошқа томондан эса жойлардаги ўз кабинети ўриндиғига ўтириб олган амалдорлар халқ у ерда турсин, ОАВларининг мурожаатини ҳам бир тийинга олишмаяпти.

Kun.uz сайти Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига пластик карталар билан боғлиқ бир қатор саволларни расмий хат орқали юборганди. Уларнинг бизга юборган жавобига банк раиси ўринбосари Ш.Ш.Шоаҳмедов имзоси қўйилган жавоб хатида, жумладан, “Сиздан ушбу мурожаатда келтирилган ҳолатларни аниқ кўрсатган ҳолда тақдим этишингизни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Пластик карточкалар тизимига оид батафсил маълумотлар Республика Марказий банкининг расмий сайтида (сbu.uz) – “Савол ва жавоблар” бўлимига жойлаштирилганлигини билдирамиз”, дейилган. 

Шундан сўнг биз мурожаатимиз юзасидан Марказий банкнинг ижрочиси билан боғланиб, пластик карта эгаларининг яқинлари маълум бир давлат ташкилотларида тўловларни амалга оширмоқчи бўлишса, картанинг ҳақиқий эгаси келишини талаб қилишаётгани юзасидан аниқ белгилаб қўйилган бандлар ҳақида тушунарли тилда бизга ёзиб беришларини илтимос қилдик. Яъни, қандай ҳолатларда бунга рухсат берилган ва ҳоказо. Бизнингча бу унчалик мураккаб ва жавоби 10-20 кун давомида қидириладиган масала эмасдек эди...

Шундан сўнг хатни кута бошладик. Орадан мана уч ҳафта муддат ўтди. Ўтган вақт давомида уларга бир неча бор қўнғироқ қилдик, ушбу мурожаатга жавоб олишга интилдик. Биз билан алоқага чиққан ижрочи банк раиси ўринбосари Ш.Ш.Шоаҳмедовни кутаётгани, бизга бериладиган жавоблар тайёрлиги, фақатгина уларни раис ўринбосари кўриб бериб, сўнг юбориши мумкинлигини айтди. Унинг маълум қилишича, раис ўринбосари 2-3 ҳафтадан бери Қашқадарёда экан. Ана холос, бизга жавоб йўллаш учун Ш.Ш.Шоаҳмедовнинг Қашқадарёдан келиши ва саволларни кўриб, уларни тасдиқлаши лозим экан... Ғалати эмасми? Ахир биз шахсий масала юзасидан мурожаат қилмадик-ку ёки кредит беришларини сўраб хат юбормадик, шекилли? Биз аҳолидан келган биргина мурожаат асосида савол тузиб жўнатдик. 

Марказий банк амалдорлари эса оғзига талқон солиб олгандек жим ўтиришибди. Бизнинг бу масала юзасидан тегишли маълумотлар олиш, мурожаатимиз тақдири билан қизиқишимиз эса худди игна билан қудуқ қазишдек жуда катта қийинчиликларга сабаб бўлди. Биз билан алоқага чиққан баъзи бир шахслар эса ўзларини “оператор” деб таништириб, ҳаттоки ўз исм-шарифларини ҳам айтишдан бош тортишди. Буни эса умуман тушуна олмадик...

Ўзбекистонда қонуний рўйхатдан ўтган электрон оммавий ахборот воситаси фуқароларнинг норозилиги билан тегишли ташкилотга ўта долзарб мавзу юзасидан расмий хат билан саволлар юборсада, улар бунга ҳатто киприкларини ҳам қоқиб қўйишмаса... Бунга қандайдир изоҳ борми? Шу мақолани ёзиш чоғида бизга ушбу саволларга жавоб бериш ҳақида қуюқ ваъдалар берган шахсга қўнғироқ қилдик. У эса гўшакни кўтармаслик билан чекланди... Ажойиб, тўғрими?

Балки бундай амалдорлар суратини ТВ ва интернет-сайтлари орқали намойиш этиб, халқнинг “ўз қаҳрамонлари” билан яқиндан танишишини таъминлаш керакдир? Эҳтимол шундай чоралар “масъул ходимлар”нинг ақлини киритиб қўяр? 

Президентимиз халқ билан кенгроқ мулоқот қилинглар, халқ дардини эшитинглар, деб турган бир пайтларида, тегишли ташкилотларнинг Халқ мурожаати асосида тузилган саволлар бўлган оддийгина икки энлик хатга жавоб бериши шунчалик қийинмикан?! Ёки бунга алоҳида тайёргарликдан ўтиб, бир неча раҳбарлар имзосини қўйдириб, кейин яна бир марта ўқиб чиқиш ва “хўжайиннинг розилигини олиш” талаб этиладими? Очиғи вазият бироз тушунарсиз... 

Нима бўлган тақдирда ҳам оммавий ахборот воситасининг биргина маълумотни олиш илинжида  8-10 мароталаб қўнғироқ қилиши бизнингча нотўғри.

Боз устига, давлат ташкилоти ходимларининг расмий мурожаат юзасидан изоҳ бериши масаласида “хўжайиннинг жавобини кутишлари”, “хўжайин мажлисдан чиқишини пойлаб туришлари”, “хўжайиннинг бўшашини кутишлари”, “хўжайин нима десалар шу”, деган жавобларни беришлари очиғи уят! Наҳотки ХАЛҚнинг мурожаати ўша “хўжайиннинг бўшашига” ёки қўпол қилиб айтганда - қош-қовоғига боғлиқ бўлса? 

Бу фикрлар биргина юқоридаги ташкилотга тегишли эмас, барча вазирлик ва ташкилотларда шундай ҳолатларни кўплаб учратиш мумкин. Бугун биргина шу ҳолат ҳақида ёздик. Мавриди келганда бошқа вазирликлар, вилоят ҳокимликлари ҳақида ҳам сўз юритамиз. Зеро, ёзиладиган гаплар йиғилиб қолган...

P.S. Ушбу мақоладан сўнг Марказий банкнинг тезликда мурожаатимизга жавоб беришларини кутиб қоламиз, холос.