Тошкент шаҳрида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Марказий Осиё ҳудудий экологик маркази ўртасида “Сув, Таълим ва Ҳамкорлик” беш йиллик сув лойиҳасини биргаликда амалга ошириш бўйича келишувни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

АҚШ халқаро ривожланиш Агентлигининг (USAID) ушбу лойиҳаси Орол денгизи бассейни мамлакатларининг сув соҳасидаги мутахассислари, илмий ишчилари ва юқори мансабли шахсларининг таълими, тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яхшилашга йўналтирилган минтақавий дастури ҳисобланади.

Тармоқлараро ўзаро ҳаракатларни яхшилаш ва билимларни мустаҳкамлаш сув ресурсларини янада яхши бошқаришга ёрдам беради. 

Аввалроқ Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича махсус Кўпшерикли жамғармани ташкил этиш ҳақида маълум қилинганди. У БМТ томонидан молиялаштирилади ҳамда Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ, Тахтакўпир ва Шуманай туманлари аҳолисига ёрдам беради. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Оролбўйи минтақасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Давлат дастурини ҳам тасдиқлади. У экологик ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатни, Оролбўйи минтақасида яшовчи аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, Орол денгизининг экологик фалокати оқибатларини юмшатиш бўйича инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга оширишга йўналтирилган.