15 февраль куни Россия Федерацияси бош вазир  ўринбосари Дмитрий Козак бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 18-йиғилиши бўлиб ўтди

Унда Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари Рустам Азимов Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг асосий ва энг йирик савдо ҳамкори эканлигини қайд этди. 

"Бизнинг иқтисодиётларимиз бир-бири билан рақобат қилмайди, улар бир-бирини тўлдириб туради", - дея таъкидлади Рустам Азимов.

"Бугун Ўзбекистон бозорида "General Motors", "Isuzu", "Лукойл", "Газпром", "Coca-cola", "Nestle", "Samsung", "LG", "Ariston" каби минглаб етакчи дунё компаниялари фаолият юритмоқда. 

Ўзбекистоннинг корхоналари Россияга енгил ва юк машиналар, кимёвий ва нефть-кимёвий маҳсулотлар, тўқимачилик, маиший техника, кабель-ўтказгич, қурилиш материалларини етказиб бериши мумкин. Ўз навбатида, биз Россиядан ўрмон материаллари, турли механик-электрик ускуналар, кимёвий маҳсулотлар, қоғоз маҳсулотлари, фармацевтик препаратлар, махсус транспорт воситалари ва бошқаларни сотиб олишга тайёрмиз", - деди бош вазир ўринбосари.