Метамфетамин – дунёдаги энг хавфли синтетик наркотиклардан бири бўлиб, Афғонистон аҳолиси орасида оммалашиб бормоқда. У шунингдек, мамлакат ҳудудида ҳам ишлаб чиқарила бошланди. Бу ҳақда БМТнинг наркотик моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан тақдим этилган ҳисоботда айтилади. У опиатлар ишлаб чиқариш бўйича жаҳон “етакчиси” – Афғонистондаги синтетик наркотиклар билан боғлиқ вазиятга бағишланган.

Бошқарма экспертлари саккиз ой давомида Кобул кўчаларида “муҳаббат кўз ёши” ва “шиша” деб аталувчи наркотик ҳақида маълумот йиғишди. Уларнинг таъкидлашича, “метамфетамин опиатлар истеъмол қилувчи кишилар орасида оммалашиб бораётгани ҳақида аниқ маълумотлар бор”. “Метамфетамин нафақат афғон куч тузилмалари томонидан катта ҳажмларда олиб қўйилади, балки мамлакатнинг ғарбий қисмида уни ишлаб чиқарувчи корхоналар борлиги ҳақида ҳам далиллар бор”, - дейилади БМТ агентлигида.

Ҳисоботга кўра, метамфетамин кўпроқ Қундуз ва Нимроз вилоятларида истеъмол қилинади. Шу билан бир қаторда, ҳужжатда таъкидланишича, Афғонистон қонунчилиги героин ёки кокаинга қараганда метамфетаминни сақлаш бўйича анча енгилроқ жазони назарда тутади.

Тадқиқот муаллифларининг фикрича, бу муаммо миллий ва халқаро даражада яхшироқ ўрганилиши керак. “Бу жуда вақтида тақдим этилган ҳисобот. У Афғонистондаги наркотиклар билан боғлиқ жуда мураккаб вазиятни яхшироқ тушуниш имконини беради”, - дея таъкидлаб ўтди БМТ бошқармасининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича бўлими раҳбари Жан-Люк Лемахю. Унинг таъкидлашича, ҳисоботнинг тайёрланишида афғон ҳукумати катта ёрдам кўрсатди, бу эса мамлакат ҳукуматининг наркотиклар муаммосига ортиб бораётган эътиборидан дарак беради. 

Наркотик моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармадан таъкидлашларича, метамфетамин шунингдек Жануби-Шарқий ва Марказий Осиё давлатларида ҳам оммалашиб бормоқда. БМТ маълумотига кўра, 2010 йилда бу икки минтақада 1,5 минг тонна метамфетамин мусодара этилган бўлса, 2011 йилда бу кўрсаткич тахминан 4 минг тоннага етди. 

Метамфетамин бошқа наркотик, амфетамин орқали ишлаб чиқарилади ва кучли қарамликка олиб келади. У 1930 йилларда рағбатлантириш воситаси сифатида Учинчи рейх қўшинларида ҳам қўлланилган. Уни доимий равишда истеъмол қилиш томирларнинг бекилиб қолиши, шунингдек руҳий заифликка олиб келади.