Ғузор туманидаги фермер хўжаликларидан бирининг раиси Бахтиёр Хушмиров (исм-фамилияси ўзгартирилган) ғалладан бўшаган ерларни айланиб юраркан, уч-тўрт нафар боланинг даласида бошоқ териб юрганини кўрди. Аслида-ку, болалар шунчаки ўйин-ўйин билан фермернинг даласига келишганди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Ҳосил аллақачон ўриб-йиғиб олинган, ерга тўкилиб қолган битта-яримта бошоқ билан фермернинг давлати камайиб қолмасди. Халқимиз ўрим-йиғим пайтида ерга тўкилиб қолган бундай бошоқларни “машоқ” дейди. Бироқ фермер болаларнинг ишини кўриб, завқланиш ўрнига бу ҳолдан ғазаб отига минди. Қалбида уйғонган хасислик, жоҳиллик бир зумда бутун борлиғини қамраб олди. Назарида бу болалар унинг мулкини талон-торож қилаётгандек туюлди. Шу сабабли ерда ётган таёқни олиб, набираси тенги болалар устига хезланиб борди. Ер эгасининг важоҳатини кўрган болалар қўрққанидан қўлларидаги машоқни ташлаб қочишга тушишди. Эндигина 8 ёшга тўлган Санжар эса узоққа бора олмади. Фермер Б.Хушмиров болакай ҳали норасида мурғак эканини унутиб, қўлидаги таёқ билан унинг бошига туширди. Болакай таёқ зарбидан ҳушини йўқотиб, ерга йиқилди. Б.Хушмиров “талончи” болаларнинг адабини бериб қўйганидан ўзини бироз енгил ҳис этди.

Санжар бошидан олган жароҳати туфайли шифохонага тушди. Унинг ота-онаси фермернинг устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шикоят қилишга мажбур бўлишди.

Жиноят ишлари бўйича Ғузор тумани судида мазкур иш атрофлича муҳокама қилиниб, Бахтиёр Хушмировга қилмиши учун энг кам ойлик иш ҳақининг эллик баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Ҳа, бу воқеани эшитган одамнинг эти жимирлаши табиий. Санжарбек эҳтимол ўзига етказилган жароҳатни унутиб, фермер “амаки”ни кечириб ҳам юборар, аммо бир ҳовуч машоқни деб хасислик ва зиқналик қилган фермер қишлоқдошлари кўзига қандай қараркан?..