Бразилиянинг Рио-де-Жанейро штатида тартибни сақлаш ишларида иштирок этадиган ҳарбий хизматчилар сони 9 минг кишини ташкил этади. Бу ҳақда Жанубий Америкадаги энг йирик давлатнинг мудофаа вазири Раул Жунгманн матбуот анжуманида хабар қилди.

"Биз қонун ва тартибни сақлашни мақсад қилган огоҳлантириш амалиёти доирасида 9 минг кишилик шахсий таркибдан фойдаланамиз", - дея айтиб ўтди маҳкама раҳбари. Ҳарбий хизматчилар кўчаларни сешанба кунидан бошлаб қўриқлашни бошлади, 22 февраль куни эса амалиётни якунлаш ёки уни чўздириш бўйича қарор қабул қилинади. Рио-де-Жанейро штатида 24 февраль куни машҳур карнавал бошланади ҳамда унга миллионга яқин сайёҳ келиши кутилмоқда. Аввалроқ губернатор Луис Фернанду Пезау федерал ҳукуматга минтақада армия бўлинмаларини ушбу байрам тугашига қадар қолдириш ҳақида илтимос билан чиқди.

Куни кеча эса Бразилия ОАВлари мамлакат ҳукумати Рио-де-Жанейро штати ҳудудида жиноятчилик билан кураш учун армиядан фойдаланишни режалаштираётгани ҳақида хабар берди. Бундай қарор республика президенти Мишел Темер ва губернатор Пезау иштирокидаги йиғилишда қабул қилинди. Бу махсус йиғилиш ўтган жума куни ҳудудда ҳарбий полиция хизматчиларининг қариндошлари иштирокидаги норозилик намойишидан сўнг ўтказилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларининг рафиқалари ўнлаб бўлинма ва казармалар эшикларини тўсиб қўйиб, ҳукуматдан эрларига ойлик маошларни вақтида тўлашни талаб қилишган.

Норозилик намойиши қўшни Эспириту-Санту штатидаги акциядан сўнг ўтказилди. Бироқ у ердаги акция анча фожиали оқибатларга олиб келди: полициячиларнинг йўқлиги зўравонлик ва босқинчилик ҳолатларини авж олдирди ҳамда охирги тўққиз кунда 146 киши ҳалок бўлди. 

Расман полициячилар акцияни ташкил этишмаган бўлишса-да, ҳукуматнинг фикрича, айнан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари бу ташаббусни биринчи бўлиб илгари суришган ҳамда унинг ғоясини беришган. Миллий қонунчиликка кўра, ҳарбий полициячилар томонидан ўз вазифасини бажармаслик “исёнда иштирок этиш” деб талқин қилиниши мумкин. Ушбу жиноят эса 8 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилишига сабаб бўлади. Рио-де-Жанейродаги полициячиларнинг қариндошлари томонидан ташкиллаштирилган норозилик намойишлари сешанба куни ҳам давом этди, бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ишини бутунлай тўхтатиб қўймади.

Рио-де-Жанейрода 2016 йилнинг августида бўлиб ўтган Олимпия ўйинлари ташкилотчилари дуч келган асосий муаммолардан бири - айнан жиноятчиликни юқори даражаси эди. Мегаполисда мусобақалар ўтказилган пайтда хавфсизлик чоралари кучайтирилди, бунга қисман ҳарбийлар ҳам жалб этилди. Рио-де-Жанейро штати ҳукумати қошидаги жамоатчилик хавфсизлиги институтининг хабар беришича, 2016 йил якунлари бўйича ҳудудда ўлдирилган инсонлар сони 2015 йил билан таққослаганда 19,8 фоизга ошган. (4200дан 5033гача). Бу 2009 йилдан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.