2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, тадбиркорлик субъектлари томонидан товарларнинг экспорти бўйича тузилган экспорт шартномаларини хам божхона органларида ҳисобга қўйиш тартиби бекор килинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси томонидан Тошкент авиация транспорт прокуратураси билан ҳамкорликда ҳаво йўллари орқали товарларни олиб ўтаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун очиқ мулоқотда маълум қилинди. «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплексида бўлиб ўтган мулоқот ҳақида Кун.уз мухбири хабар қилади.

Тадбирда келтирилган рақамларга кўра, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида тадбиркорларга 2016 йилда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ “Тошкент-Аэро” ИБК томонидан божхона тўловлари бўйича 4,8 трлн. сўмдан ортиқ миқдорида имтиёзлар берилган. 

Фармон билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар Дастурининг 24-банди билан 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, товарларни экспорт божхона режимига расмийлаштиришда товарларнинг божхона расмийлаштирувини белгиланган жойлардан бошқа жойларда амалга оширганлик учун 1 нафар божхона ходимининг 1 соатлик иш вақти учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ундириладиган божхона йиғими икки бараварга камайтирилди.

Масалан, ўтган 2016 йилда “Тошкент-Аэро” ИБК ходимлари томонидан товарларнинг белгиланган жойдан бошқа жойда ўтказилган божхона расмийлаштируви учун ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларидан 75,3 млн. сўм миқдорида йиғимлар ундирилган.  Демак, ушбу йилдан бошлаб, бу каби харажатлар тенг ярмига қисқариб, тежалган маблағ тадбиркорнинг ўз ихтиёрида қолади.

Мазкур қулайликларнинг афзаллиги шундаки, экспорт қилишга мўлжалланган товарларни экспорт қилиш жараёнини тезлаштиради, ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ тартиботларни янада соддалаштиради. Буларнинг бари эса тадбиркорнинг вақтини ва молиявий харажатларини қисқаришига хизмат қилади.

Фармон билан 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, тадбиркорлик субъектлари томонидан товарларнинг экспорти бўйича тузилган экспорт шартномаларини хам божхона органларида ҳисобга қўйиш тартиби бекор килинди. Амалда эса тадбиркорлар экспорт шартномаларини мажбурий тарзда божхона органларида ҳисобга қўйиб келишаётган эди. Масалан, ўтган 2016 йилда “Тошкент-Аэро” ИБКнинг ташқи иқтисодий фаолият постларида тадбиркорларнинг 126 та экспорт шартномалари рўйхатга олинган. 

Тадбиркорлар эндиликда шартнома ва бошқа тегишли ҳужжатларни божхона постига қоғоз кўринишида олиб келишларига ҳожат қолмади. Масалан, 2017 йилнинг 10 февраль ҳолатига кўра, 16та экспорт шартномалари ва 1та қўшимча битим Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизими орқали электрон шаклда рўйхатдан ўтказилган.

Тадбирда Фармони ижроси доирасида жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб ишга туширилган, экспорт ва импорт юкларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш учун зарур бўлган 20 турдан ортиқ рухсатнома ҳужжатларини турли идоралардан Интернет ёрдамида, онлайн режимида олиш имконини берувчи «Ягона ойна» идоралараро ахборот тизими (www.sw.customs.uz) ва ундан фойдаланиш тартиби ҳақида ҳам тадбиркорларга батафсил ахборотлар берилди.

Очиқ мулоқотда, номидан келиб чиқиб, ташқи иқтисодий фаолиятни янада кенгайтиришда тадбиркорларга тўсқинлик қилаётган муаммолар ҳамда уларни келтириб чиқараётган сабабларни аниқлаш, бу борада тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш масалалар қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, “Тошкент-Аэро” ИБК томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тезкорлик билан кўриб чиқиш,  мурожаат билан келган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларини ҳеч қандай тўсиқларсиз ва қулай тарзда қабул қилинишини таъминлаш мақсадида бошқармаларда фуқаролар қабулхоналари ташкил этилган. 2017 йил бошида буён комплексда 14 нафар жисмоний шахслар ҳамда юридик шахслар вакиллари қабул қилинган.

Ўзаро самимий, қизғин савол-жавоблар, баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтган очиқ мулоқотда тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммоли масалалар ва таклифларни эркин баён қилиб, улар бўйича тегишли жавоблар олишди.