Мадриднинг «Атлетико» жамоаси ҳужумчиси Антуан Гризманн ўзининг клубдан кетиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб ўтди.

«Мен «Реал Сосьедад»да кетишим кераклигини ҳис қилганимдан кейин кетганман. Ҳозирда эса менда бундай истак йўқ. Бу мавсум қандай якунланишини ҳозирдан билиб бўлмайди. Агар биз ёмон иштирок этсак, мен бу масалага қайтишим мумкин. Ҳозирда эса бу кун тартибидаги масала эмас.

Баъзида мен яна қандай жамоада ўйнашим мумкинлиги ҳақида ўйлайман. Испанияда «Барселона» ва «Реал» бор. Лекин «Барселона»да ҳужум чизиғи етарли даражада кучли. «Реал»га ўтишимнинг эса иложи йўқ, чунки мен «Атлетико» футболчисиман.

Бундеслига ҳеч қачон менинг диққатимни ўзига қаратмаган. Франциями? Ҳозирча бундай вариант йўқ. Англия борасида ҳам менда шубҳалар бор - бу менинг шахсий ҳаётим билан боғлиқ. У ерда ҳамиша ёмғир ёғади ва ёмон об-ҳаво ҳукм суради. Мен ўзимни майдон ташқарисида ҳам бахтли ҳис қилишим керак.

Ҳа, мен АПЛ ўйинларини кузатиб бораман, у лигада ҳакамлар ўйнашга қўйиб беришади, стадионлар эса ҳамиша лиқ тўла. Аммо агар мен бир лигани танлашим керак бўлса, Испания примераси, чунки бу чемпионат менга ва менинг ўйин услубимга мос», – дея Гризманнинг сўзларини келтирган GFNF.

Бундан олдинги хабарларда ушбу футболчи ёзда Англиянинг «Манчестер Юнайтед» жамоасига ўтиши айтилганди. Ушбу 25 ёшли футболчининг трансфери учун белгиланган бадал пули 100 миллион евро. Манчестерликлар унинг учун сўралган маблағни тўлашга ва футболчининг ўзига 17,7 миллион евро миқдоридаги йиллик маошни тайинлашга тайёр.