Испаниянинг Жирона полицияси Ferrari автомобилларининг қалбаки нусхаларини тайёрлаган уч кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда La Voz de Galicia нашри хабар бермоқда

Тергов Бенидорм шаҳрида бу қалбаки "Феррари"лардан бири аниқлангандан кейин бошланган. Тез орада полициячилар қалбаки "Феррари"лар тайёрланадиган устахонани аниқлашган. У ерда 14 та автомобиль топилган ва улардан 4 таси сотувга тайёр ҳолда бўлган. Устахонада Ferrari 458 Italia, F430 Spider ва 430 Scuderia моделларининг оддий "Тойота" негизида ясалган қалбаки нусхалари аниқланган.

Машиналар кузови шишапластикдан ҳақиқий спорткарлар компонентлари қўлланган ҳолда тайёрланган.

Қалбаки Ferrari нархи 41 минг еврони ташкил қилган. Машиналар махсус сайт орқали сотилган. 

Маълум қилинишича, Испанияда аввал ҳам шунга ўхшаш устахона аниқланиб, 2013 йилда ёпилган эди.