34 ёшли италиялик ҳужумчи, яқинда «Сампдория» билан шартномаси бекор қилинган, ҳозирда янги клуб излаш билан банд бўлган Антонио Кассано футболчилик фаолиятини якунлаш ҳақида ҳам ўйлаётганини маълум қилди.

«Иш билан муаммолар борлигига қарамасдан мен А Сериядаги фаолиятимни давом эттиришим ҳам мумкин. Мен шуни истайман. Аммо менга жамоалардан таклифлар бўлмаса, уйда ўтираман. Кўп эҳтимолки, ёзда футболчилик фаолиятимни якунлайман ва хотинимнинг менежерига айланаман. У ҳозирда мендан фақат уйга пул топиб келтиришни сўрамоқда.

Агар ҳеч бир жамоа мени таркибга қўшиб олиш ҳақида ўйламаса, бошқа нима ҳам қиламан? Мен Хитойга, Грецияга ёки дунёнинг бошқа чеккаларига кетишни истамайман. Мен Италияда бўлишни истайман, аммо менга Италиядан таклифлар йўқ», — деган Кассано Striscia La Notizia телеканали эфирида.

Ушбу футболчи ўз вақтида «Рома», «Реал», «Милан», «Интер» каби жамоаларда юлдузлик даврларини ўтказган, Италия терма жамоаси сафида 2003 йилдан 2014 йилгача 39 учрашув ўтказиб, 10та гол урган.

Кассано агар янги жамоа топмаса нима иш қилмоқчи эканини айтиб ҳаммани ажаблантирди