Қозоғистонда Ми-8МТ ҳарбий вертолёти Оқтобе вилоятининг Қорабутоқ посёлкаси ёнидаги автомобиль йўлига қўнди. Бу ҳақда маҳаллий 365info.kz нашри маълум қилди.

Учувчи вертолётни қўндиргач, унинг кабинасидан чиқиб, йўл четида турган юк машинаси ёнига югуриб бориб, ҳайдовчи билан гаплашиб, яна ортига қайтган. Шунингдек, бу ҳолат акс этган видеода рация орқали "Эркаклар адашиб қолишибди. Келиб Актюбинск қаердалигини сўрашди", деган овоз эшитилган.

Кейинроқ Қозоғистон мудофаа вазирлигида ҳарбийлар об-ҳаво шароитлари ёмонлашганда мўлжални олишни машқ қилиш давомида трассага қўнганлари тушунтирилган.

Қозоғистон ҳарбий-ҳаво кучлари вертолёти ўқув-жанговар вазифани бажараётган бўлган. Айтилишича, бу вазифани бажариш давомида учувчилар визуал мўлжалга олишни жумладан сўраб билиш усули билан тиклаш масалаларини машқ қилишган. Шу сабабли экипаж йўлга қўниб, яқин орадаги аҳоли пунктларининг жойлашишини билиб, яна ҳавога кўтарилиб, вазифани якунлаган. Айни вақтда вертолёт ўзи бириктирилган аэродромда турибди.