Кайф устида жанжаллашди, ҳақоратига яраша ҳақорат қилди, бас, ўзини қўлга олиб, уйига бориб ётса бўлмасмиди?.. Балки, ҳеч ким йўқлигида, ўртоғининг укаси Жўрабек (исм-фамилиялар ўзгартирилган) билан яккама-якка сан-манга борганида, шундоқ қилармиди. Етти яшар ўғли, ширакайф жиянларининг олдида обрў-эътибори бир пул бўлгандай туюлгани туфайли қасдини олмоқчи, ярамаснинг бурнини ерга ишқаб қўймоқчи бўлиб, телефонда укасини чақириб олди-ю...

Энди укаси йўқ. Энди уни қайтариб бўлмайди. Кейинги пушаймон, ўзингга душман. Қамбарали унинг ўрнида мен бўлишим керак эди, дея ўзини қанчалик нимталамасин, энди бефойда. Укасининг қотили панжара ортида ўтирибди. Ўзи эса судда гувоҳлик беряпти. Нима десин? Жанжал нимадан чиқди ўзи?

Жияни Нодирнинг туғилган куни эди. Қамбаралининг уйида нишонлашди. Нодир ўртоғи Жавлонни эслади. “Негадир келмади, тоби қочдимикан”, деди. “Юринглар, бориб ҳол-аҳвол сўраймиз”.

Қамбарали ўғлини етаклаб олди. Йўл-йўлакай, дўкондан пиво харид қилишди. Кечқурун соат тўққизлар эди. Жавлон уйида экан. Беш-олти нафар меҳмонга дастурхон тузади. Даврага укаси Жўрабек қўшилди. У Қамбаралини хуш кўрмасди. Ораларида гап қочган, юз кўрмас бўлишгача боришган эди. Ўтиришда гина-кудурат унутилгандай туюлди.

Ичимлик охирлади. Қамбарали Жўрабекка яна пиво топиб келишни айтган эди, у тошингни тер, дегандай, жавоб қайтарди. Кейин бир-бирларини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилишди. Қамбарали чинни косани мушти билан уриб синдирди. Кафтининг ости тилинди. “Кетдик”, деди жиянларига. Чиқиб кетаётганларида Жўрабек тағин бўралаб сўкинди. Йўл-йўлакай унинг ҳақоратлари қулоғи остида бот-бот янграб, баттар ғазаб отига миндирди. “Ҳали шошмай тур!”

Унинг адабини бериб, эсини киритиб қўймоқчи бўлди. Лекин Жўрабек ёлғиз эмас, ака-укаларга бас кела олиши даргумон. Агар жиянлари, укаси Қодирали ёнида бўлса, биргалашиб попугини пасайтириб қўйишади. Жияни Ризобекнинг уйига кирди. Укасига телефон қилди.

-  Нима бўлди, ака? – деб сўради бир зумда етиб келган Қодирали.

-  Жўрабекни таъзирини бериб қўйиш керак. Ўзидан кетиб қоляпти.

Укаси тун ярми, соат ўн бирларда Жўрабек акаси Жавлон билан турадиган Қўқон шаҳрининг Миришкор кўчасидаги ҳовлига қайтиб боришди. Жиянлари дарвозахонадан ўн беш қадамча берида қолишди. Қамбарали дераза тагига бориб, чақирди. Жўрабек деразадан қаради. “Авзойи бузуқ”, дея пичоқ ва газ баллонча билан қуролланиб, кўчага чиқди.

-  Буёққа юр, - Қамбарали унинг елкасидан тортди. Кўлмакни четлаб, симёғоч ёнига етганларида мушт туширди. Жўрабек чап бериб, унинг юзига баллончадаги газни сепди. Қамбарали кўрмай қолди, кўзлари ачишиб, кўлмакда юра бошлади. Укаси Қодирали Жўрабекка ташланди. Жўрабек “финка” пичоғини унинг юзига тортиб юборди. Бурни кесилиб қочган Қодиралининг ортидан қувди. Олдидан кесиб чиқиб, кўксига пичоқ санчгач, қоронғи кўчага сингиб кетди.

Қамбарали кўзини ювиб қараса, укаси чалқанча ётибди. Қодиралини жиянлари билан кўтариб, Жавлоннинг уйига олиб киришди. Жиянларидан бири катта кўчадан такси топиб келди. Бироқ Қодиралини касалхонага етказиб боришганида кеч бўлган, жони узилган эди.

Спиртли ичимлик таъсирида эски адоват қўзғалиб, бошланган даҳанаки олишув фожиали якунланди. Суд йигирма уч ёшида қасддан бировнинг умрига зомин бўлган Жўрабек Толибовни 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Манба: “Ҳуқуқ” газетаси