Америкалик таниқли боксчи кичик Флойд Мэйвезер аралаш йўналишлар бўйича мутлоқ жангчилар чемпионати (UFC) камари соҳиби ирландиялик Конор Макгрегор билан жанг ўтказиш бўйича шартнома имзоламоқчи экани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда у Twitter’даги саҳифасида ёзди.

Душанба куни Ирландиянинг The Irish Sun нашри томонлар шартнома бандлари юзасидан бир қарорга келганини хабар берди. ESPN журналисти Стивен Смит ҳам Мэйвезер шартномага имзо чекмоқчи эканини маълум қилди. Аввалроқ Мэйвезернинг ўзи ирландияликка жанг учун 15 миллион доллар таклиф этгани, бироқ у бу маблағдан кўнгли тўлмай, уни рад этганини айтиб ўтганди. Макгрегор 100 миллион доллар талаб қилган.

"Сўнгги вақтларда ОАВда менинг бўлажак жангларим ҳақида бир қанча миш-мишлар пайдо бўлди. Шуни айтишим мумкинки, менинг бўлажак жангларим борасида ҳеч қандай шартномалар имзоланмади. Мен фаолиятимни якунлаганимдан сўнг ажойиб вақт ўтказмоқдаман ҳамда ҳаётдан лаззат олмоқдаман. Бироқ, агарда қандайдир ўзгаришлар юз берса, мен улар ҳақида биринчи бўлиб хабар қиламан", - дейилади боксчининг хабарида.

Мэйвезер барча даврлардаги энг кўп маблағ олган боксчи ҳисобланади. У профессионал рингда 49 ғалабани (26 нокаут) қўлга киритган бўлиб, бирон марта ҳам мағлуб бўлмаган. У беш вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Мэйвезер 2015 йилнинг 2 май куни филиппинлик Мэнни Пакьяо билан жанг учун бокс тарихидаги рекорд гонорар – 210 миллион долларни олди. 2015 йилнинг сентябрида ўз фаолиятини якунлади, бироқ ҳозирда Макгрегор билан жанг учун уни қайта тикламоқчи.

UFC раҳбари Дана Уайт аввалига Макгрегор ҳамда Мэйвезерга жанг учун 25 миллион доллардан таклиф қилди, аммо рад жавобини олгач, жангни ўтказишга қарши чиқди. Унинг сўзларига кўра, жанг Макгрегор UFC билан тўрт баҳс учун бўлган шартномасини бажармагунга қадар ўтказилмайди.

28 ёшли Макгрегор аралаш яккакурашларда 23 жанг ўтказиб, 20 бора ғалаба қозонган ҳамда уч мағлубиятни қабул қилиб олган. У UFC чемпиони номини илк бор 2015 йилда қўлга киритган. Ирландиялик ўтган йилнинг 20 август куни Нейт Диас билан ўтказган жанги учун ташкилот тарихидаги рекорд маблағ – тахминан 3 миллион доллар олди.