Сурхондарё вилояти МХХ бошқармаси оператив ходимлари прокуратура вакиллари билан ҳамкорликда Қумқўрғон туманлараро суди судьясини ушлаш бўйича махсус амалиёт ўтказди. У хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганлик ва порахўрликда айбланмоқда, деб хабар қилади Спутник агентлиги хавфсизлик хизмати вакилига таянган ҳолда. 

Маълумотларга кўра, Қумқўрғон туманлараро фуқаролик ишлари бўйича суди судьяси Нурали Панжаев мурожаатларни кўриб чиқишда ваколатларини суиистеъмол қилган ва фуқаролардан, суд қарорини уларнинг фойдасига чиқариш учун таъмагирлик йўли билан пул ёки бошқа моддий бойликларни олган. 

"Хусусан, 2016 йил июнь ойи бошида Нурали Панжаев Ўзбекистон фуқаросининг "Қишлок қурилиш банк" АТБ туман бўлими томонидан унга етказилган зарарни қоплаш бўйича мурожаатини кўриб чиққан. Ҳакам мурожаатчи аёл талабига мувофиқ қарор чиқариш мақсадида, Қумқўрғон тумани марказида аёлга тегишли бўлган 45 сотих ер майдонидан 10 сотихини ўз номига расмийлаштириб беришни талаб қилган. Шундан сўнг, 2016 йил 16 июнда Панжаев "Қишлок қурилиш банк" АТБга 601 миллион сўмдан ортиқ маблағни тўлаш хусусида қарор чиқаради", — деган МХХ ходими. 

Бундан ташқари, Нурали Панжаев бошқа бир мижозининг никоҳини бекор қилиш учун 500 доллар сўраши баробарида, таъмагирлик воситасида олган 10 сотих ерини сотиб олишни талаб қилган. 

Шу кунларда, оператив ходимлар Панжаев никоҳни бекор қилиш учун 500 АҚШ доллари миқдоридаги пора ва 10 сотих ер учун 80 миллион сўм олаётган вақтда қўлга олинди. Прокуратура органлари Нурали Панжаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси ("Пора олиш") бўйича жиноий иш қўзғатган.