Мисрликлар Миср миллий валютаси – Миср фунти мустаҳкамланиши ортида банк ва валюта айирбошлаш шохобчаларида нақд долларларни оммавий равишда айирбошламоқдалар.

"Жорий ҳафтада фуқаролар банкга кунига 50-60 млн доллар пул олиб келишмоқда, шу билан бирга аввал мавжуд бўлган "қора бозор" ҳозир деярли фаолият юритмаяпти", деб маълум қилди "Миср банки" бошқарув раиси Муҳаммад ал-Атрибий.

Айирбошлаш шохобчаларида ҳам маҳаллий валютага талаб ошгани таъкидланмоқда. "Ҳозир долларлар фаол равишда топширилмоқда, долларни харид қилиш нархи 16 фунтга тушиб кетган бўлса ҳам, мижозлар кўплаб келмоқда", деб айтган Қоҳира марказидаги валюта айирбошлаш шохобчаси оператори.

Мисрнинг жанубий вилоятларида АҚШ долларидан тезроқ "қутулишни" истаганларнинг катта навбатлари юза келган. "Доллардан қутулишни истаганларнинг кўплиги доллар курсининг янада тушишига олиб келмоқда, унга талаб эса деярли йўқ", деб маълум қилди "Ал-Аҳром" нашри.

Шу билан бирга мутахассислар Миср фунти курси мамлакатдаги иқтисодий вазиятнинг барқарорлашганини исботлаши борасида хулоса чиқаришга шошилмасликка чақирмоқдалар. Миср иқтисодий тадқиқотлари форуми раҳбари Рашод Абдунинг тушунтиришича, миллий валюта курсининг ўсиши мамлакатдаги иқтисодиёт ва молия соҳасидаги вазият борасида етарлича маълумотга эга бўлмаган оддий одамларнинг ижобий кутишлари натижаси бўлиши мумкин.  

2016 йил ноябрда Миср Марказий банки кўп йиллар давомида биринчи марта Миср фунти курсини эркин сузишга қўйиб юборганди, бу эса унинг долларга нисбатан 19 фунтгача, яъни 2 маротаба қадрсизланишига олиб келган. Бунгача доллар курси узоқ вақт давомида 8,8 фунт даражасида сақланиб келган. Ҳукуматнинг бу қадами маҳсулотлар ва хизматлар нархининг ошишига олиб келган, бироқ валюта "қора бозори"ни тугатишга имкон берган.