Европа иттифоқи дипломатияси раҳбари Федерика Могерини АҚШнинг жаҳон етакчиси ролини йўқотиб бораётганидан ташвишда. У бу ҳамда Вашингтонга ўтган ҳафтадаги ташрифи ҳақида Die Welt газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

"Мен ҳеч қачон АҚШни бундай тарқоқ ҳолда кўрмагандим. Бироқ глобал етакчи бўлишни истаган ўйинчи ички жиҳатдан кучли, ўзига ишончи юқори ва бирдам бўлиши керак", - деди у.

"Агарда дунёдаги энг йирик демократия шундай даражада босимда қолганини кўрсатса, бу бутун дунё учун беқарорлик келтириб чиқариши мумкин", - дея қўшимча қилди Могерини.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Европа ўртасида келажакда аниқ ва прагматик муносабатлар бўлади. "Биз муносабатларимиздаги янги босқичга қараб кетмоқдамиз. Ўзаро яқинликдан дарак берувчи ҳар бир мавзу юзасидан батафсил фикр алмашишимиз лозим. Аммо бу фожиа эмас", - дея ўйлайди Могерини.

Америка янги ҳукуматининг кўплаб вакиллари ушбу ҳафта охирида Европага расмий ташрифлар билан келишни режалаштирмоқда. Хусусан, Пентагон раҳбари Жеймс Мэттис чоршанба куни НАТОлик ҳамкасблари билан учрашишни мўлжаллаган.

Пайшанба куни эса Бонндаги “Катта йигирматалик” мамлакатлари учрашувида давлат департаменти раҳбари Рекс Тиллерсон иштирок этиши режалаштирилган. Жума куни эса Мюнхендаги хавфсизлик масалалари бўйича анжуманда АҚШ вице-президенти Майкл Пенс қатнашади.