Қўлга киритилган телефон қўнғироқлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг сайловолди кампанияси ва Россия разведкаси ўртасида президентлик пойгаси давомида алоқалар бўлганидан дарак бермоқда. Бу ҳақда АҚШнинг амалдаги ва собиқ ҳокимияти вакиллари баёнотига иқтибос келтирган ҳолда NYT нашри хабар бермоқда.  

АҚШ разведка хизматлари Москва гўёки АҚШдаги сайлов жараёнига аралашишга урингани ҳақида хабарлар пайдо бўлаётган вақтда бундай хулосага келганлар.

Шу билан бирга таъкидланишича, айни вақтда "Трамп штабининг россиялик хакерлар билан тил бириктиргани"га исботлар йўқ. Манбаларнинг айтишича, бундай қўнғироқлардан бирининг иштирокчиси Трамп сайловолди штабининг раиси Пол Манафорт бўлган.

Манафортнинг ўзи эса бу гапларни тутуруқсиз деб атамоқда.

"Бу нималиги борасида умуман тушунчага эгамасман. Мен Россия разведкаси вакиллари билан ҳеч қачон гаплашмаганман ва ҳеч қачон Россия ҳукумати ёки тергов олиб борилаётган бошқа исталган масала билан боғлиқ бирорта нарсага алоқадормасман", деб айтган Манафорт.

Эслатиб ўтамиз, Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Флинн The Washington Post нашрида у телефон орқали Россия элчиси билан Россияга қарши санкцияларни муҳокама қилгани ҳақида маълумот чоп этилгандан кейин лавозимини тарк этди. Кейинроқ Флинн суҳбат чоғида гап 35 нафар россиялик дипломатнинг АҚШдан чиқарилиб юборилиши ҳақида кетгани ва санкциялар қайта кўриб чиқилиши ҳақида ҳеч қандай гап кетмаганини айтган.