Ўзбекистоннинг Орол денгизи сув ҳудудида 10 йилдан бери геологоразведка ишларини олиб борган халқаро консорциум ушбу лойиҳани иқтисодий жиҳатдан мақсадга номувофиқ деб топиб, қидириш ишларини тугатди.   

Aral Sea Operating Company қўшма корхонаси иштирокчилари 2017 йил 1 январдан кўнгилли тарзда тугатилиш ҳақида қарор қабул қилишди.

2005 йилда "Ўзбекнефтегаз", "ЛУКОЙЛ", Малайзиянинг Petronas, Жанубий Кореянинг  KNOC ва Хитойнинг CNPC компаниялари "Орол" лойиҳасини амалга ошириш учун тенг миқдордаги улуш (20 фоиз) билан консорциум яратишган. 2006 йилда Petronas ва KNOC лойиҳадан чиқиб кетишган, уларнинг улушлари эса консорциумнинг қолган иштирокчилари орасида тенг тақсимланган.

Орол блоки бўйича маҳсулотни тақсимлаш ҳақидаги келишув 2006 йилда имзоланган ва 2 қисмдан иборат бўлган.

Шартномада кўрсатилган ҳудудда 6 та истиқболли структуралар аниқланган, улардан бири – Ғарбий Орол очилиб, ундаги газ захиралари 11 млрд куб метрга баҳоланган. Лойиҳага инвестициялар миқдори 200 млн долларга яқинни ташкил қилган.