15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг ўн саккизинчи мажлиси бўлиб ўтди

Тадбир доирасида томонлар маълумотлар алмашишди ва 2016 йилнинг 25 март куни Москва шаҳрида ўтказилган Ҳукуматлараро комиссиянинг ўн еттинчи мажлиси баённомасидаги қарорларнинг ижроси муҳокама қилинди. Хусусан, савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликнинг истиқболлари, ҳуқуқий асосни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, транспорт, илм-фан соҳаси, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳалардаги муносабатларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. 

Учрашув сўнгида ўн саккизинчи мажлис якунига кўра икки мамлакат ўртасида баённома имзолаш маросими ўтказилди. Ушбу баённома Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов ҳамда Россия Ҳукумат раиси ўринбосари Дмитрий Козак томонидан имзоланди. 

Мажлис доирасида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди: 
- Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида товар ва транспорт воситалари ҳаракати вақтида божхона операцияларининг соддалаштирилган тартибда ташкиллаштириш ҳақида битим;
- Юқори фитосанитария хавфидаги мева-сабзовот маҳсулотларини етказишда фитосанитария талабларига риоя қилиш тўғрисида баённома;
“Оҳангаронцемент” акциядорлик жамияти базасида  “Ўзқурилишматериаллар” ҳамда “ЕВРОЦЕМЕНТ ГРУПП” акциядорлик жамиятлари ўртасида қуруқ усулда цемент ишлаб чиқаришнинг янги технологик линиясини қуриш бўйича режалар ҳақида баённома.