Сузиш бўйича Олимпия ўйинларининг уч карра ғолиби ва 17 карра жаҳон чемпиони Грант Хэкетт Австралияда ҳибсга олинди. Бу ҳақда маҳаллий HBC телеканали хабар берди.

Машҳур австралиялик сузиш устаси Квинсленд штатида жойлашган Голд-Косте шаҳрида ҳибсга олинди. Полиция бу ҳолатни тасдиқлади, бироқ ҳеч қандай бошқа тафсилотларни келтирмаган. Маҳаллий ОАВларнинг хабар беришича, Хэкетт отасининг полицияга қўнғироқ қилганидан сўнг, ота-онасининг уйида ҳибсга олинди. Тахминий маълумотларга кўра, Хэкетт пичоқ билан таҳдид қилган.

Хэкетт Олимпия ўйинларида икки бор – 2000 ва 2004 йилда 1500 метр масофага эркин усулда сузиш бўйича олтин медални қўлга киритган, шунингдек, Сиднейдаги Ўйинларда 4х200 метрга эркин усулда чемпион бўлган. Бундан ташқари, Хэкетт 17 карра жаҳон чемпиони ҳамдир.

У фаолиятини якунлаганидан сўнг 9-телеканалда спорт шарҳловчиси бўлиб ишлаётганди.