АҚШнинг Техас штатидаги Ҳьюстон шаҳрига сешанба куни бирданига олтита торнадо ёпирилди, жабрланганлар бор, деб хабар берди “Ассошиэйтед Пресс” агентлиги.

Унинг маълумотига кўра, Ҳьюстондан 113 километр нарида камида олти киши ноқулай об-ҳаводан жабрланган. Тахминий маълумотларга кўра, тўртта уй вайрон бўлган ва яна бир нечтасига жиддий зарар етган. Бундан ташқари, 7 нафар инсон касалхонага етказилди, уларнинг жароҳати ҳаёт учун хавфли эмас, деб ҳисобланмоқда.

Агентлик маълумотига кўра, Ҳьюстон шаҳридан жануби-ғарбда ҳам бир неча кучсиз торнадолар қайд этилган. Шунингдек, Остин шаҳридан ғарбда кучли ёғингарчилик кузатилди.

Об-ҳавони кузатиш хизмати штатнинг кўплаб округларида рўй бериши мумкин бўлган торнадолар ҳақида огоҳлантирди. Махсус хизматлар баъзи округларда электр қувватини тиклаш бўйича ишламоқда, Халқаро Қизил Хоч ташкилоти эса жабрланганларга ёрдам таклиф қилди.

Аввалроқ АҚШ жанубидаги Луизиана штатидаги кучли торнадолар оқибатида тахминан 30 киши жароҳат олгани хабар қилинганди.