Давлат божхона қўмитаси Тошкент авиация транспорт прокуратураси билан ҳамкорликда ҳаво йўллари орқали товарларни олиб ўтаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун очиқ мулоқот ташкил этди. У«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплексида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кун.уз мухбири хабар қилди.

Тадбирдан сўнг, ташкилотчилар ва журналистлар божхона соҳасидаги енгилликлар ва қулайликлар ҳамда божхона имтиёзларидан унумли фойдаланиб келаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокочиларидан бири – Dentafill Plyus корхонасида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишишди.

2006 йилдан буён фаолият юритиб келаётган ва мамлакатимиздаги иккинчи энг йирик фармацевтика компанияси бўлган мазкур корхонада 150 турдан ортиқ юқори сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар рўйхатига таблеткалар, малҳамлар, суппозиторлар, сироплар, суспензиялар, глицеринли препаратлар, шунингдек суюқ дори-дармонлар киради. Мазкур жараёнларда корхона Россия, Ҳиндистон, Хитой, Германия, Швейцария ва бошқа мамлакатларнинг етакчи фармацевтик компаниялари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган.

Корхона директори Саркор Исанбаевнинг таъкидлашича, 2010 йилдан “Dentafill Plyus” корхонаси ўз тиббий препаратларини Афғонистон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларга экспорт қилмоқда. Яқин кунларда бу давлатлар қаторига Россия ва Тожикистон ҳам қўшилади.