Туркия футбол федерацияси футбол бўйича 2024 йилги Европа чемпионатини қабул қилиш учун даъвогар.

«Ҳа, биз ариза топширамиз. Бизда яхши имконият бўлади», – дея федерация раҳбари Йилдирым Демирореннинг сўзларини келтирган Sportschau.

Бундан олдинги хабарларда, Евро-2024 мезбонлиги учун Германия ҳам даъвогар экани айтилганди.

Қайд этиш керакки, Туркия бунгача ҳеч қачон бу даражадаги футбол турнирларини қабул қилмаган. Бу мамлакат Евро-2016 турнирини ўзида қабул қилмоқчи бўлган, аммо якунда мезбонлик Францияга текканди.

Туркиянинг аризаси 2 март куни топширилиши кутилмоқда. Бу Туркиянинг Европа биринчилиги мезбонлиги учун тўртинчи марта ҳаракати бўлади. 

2020 йилги Европа чемпионати 60 йиллик юбилей муносабати билан қитъанинг қатор шаҳарлари бўйлаб ўтказилади. Ярим финал ва финал ўйинларига эса Лондондаги Уэмбли ўйингоҳи мезбонлик қилади.