Самарқанд вилоятининг Ургут туманида турк технологияси асосида ёнғоқ етиштириш бўйича плантациялар ташкил этилади, деб ёзмоқда “Зарафшон” нашри.

2016 йилнинг 6-12 декабрь кунлари вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси мутахассислари, ер ресурслари ва давлат кадастри идораси вакиллари, олимлар, тадбиркор ва фермерлар Туркиянинг Истанбул, Анқара, Бурса, Ялова вилоятлари тоғолди ҳудудларида ёнғоқ плантациялари ташкил этиш тажрибасини ўрганиб қайтди. 

“Ёнғоқ дарахти ер танламайди, сувга чидамли, тоғда ҳам, даштда ҳам ўсаверади. Ана шу жиҳатларни эътиборга олиб, Туркиянинг тоғли ҳудудларида бўлган пайтимизда ёнғоқзорлар агротехнологиясини ўрганиб, иқлим шароитимизга мос навларни танладик. Ўрганишларимиз натижасига кўра, улар орасида "Чантлер" нави вилоятимиз иқлими, ҳаво, сув, ер шароитига мос экан. Энг асосийси, бу навли ёнғоқнинг меваси йирик, юпқа пўчоқ ва оқ мағизли. Бу эса бугунги бозор талабига мос”, - дея таъкидлаб ўтди М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд филиали директори Жамшид Аҳмаджонов.

Айни кунда филиалнинг 2 гектар майдонида ёнғоқ кўчати етиштириш учун ер тайёрланган. Келгуси йилда уни Ургут туманининг 4,5 минг гектар тоғолди ва дашт ҳудудига экиш кўзда тутилган. Айни кунларда махсус дастур асосида нафақат ушбу ер майдонлари, балки туманда ёнғоқдан ташқари бодом, ток каби экинларни экишга мўлжалланган 10 минг 200 гектар ва Жомбой туманининг 300 гектар тоғолди ҳудудидаги майдонлар ҳам бу мевалар плантацияларини ташкил этиш учун ўзлаштирилмоқда.

Айни дамда ёнғоқ Туркиянинг Қарамон, Кастомўну, Ҳаққёри, Бурса ва Тўкат вилоятларида етиштирилади. Сўнгги вақтларда эса 49 йилга мўлжалланган бепул ер тақдим этиш, шунингдек, фоизсиз молиявий ёрдам туфайли бу маҳсулот Текирдоғ, Денизли, Битлис, Қиршихире, Чаноққалъа, Гумушане ва Бингўл вилоятиларида ҳам пайдо бўлади бошлади. Энг оммабоп нав Чантлер бўлиб, у ҳар бир дарахтдан ўртача 34 килограмм ҳосил беради.