«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Ўсмирлар ўзи ва оиласи ҳақида» мавзуида тадқиқот ўтказди. Тадқиқотдан мақсад мамлакатимизда бола тарбияси, ўсмирларнинг фойдали меҳнатга жалб этилиши, уларнинг ватанпарварлик туйғусини оширишда оиланинг ролини аниқлаш эди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ижтимоий тадқиқотда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 12-16 ёшли ўғил-қизлар иштирок этган. Унда қатнашганларнинг аксарияти ота-она иштирокидаги оилада камолга етаётганини билдирган. Бу ҳолат ўсмирларнинг маънавий-интеллектуал ва жисмоний камолотига сезиларли таъсир этиши, уларнинг ҳаётий ва таълим олишдаги эҳтиёжлари қондирилиши, умуминсоний ва миллий қадриятлар руҳида тарбияланишида етакчи омил экани кўрсатилган. 

Тадқиқот жараёнида ота-оналар фарзандларининг муаммолари, ўқиши, ўқишдан ташқаридаги ишларига қизиқишлари, ғамхўрлик қилишлари ўрганилган. 

Тадқиқот доирасида ўсмирларнинг ўқув даргоҳига муносабати, баҳолаш тизими, ўқитувчилар билан муомаласи, таълим масканидаги ўқув-тарбиявий жараён ҳам ўрганилган. «Мактабингизни яхши кўрасизми?» деган саволга уларнинг 90,9 фоизи ижобий жавоб берган. 

Мамлакатимиз ўсмирлари ўқишни ҳаётий зарурат, деб ҳисоблайди. Коллеж, лицей ва олий ўқув юртларида таҳсилни давом эттиришни истайди. 

Тадқиқот натижаларига кўра, ўсмирларнинг 43,7 фоизи ўқув адабиётини ўқиш билан чекланар экан. Ҳар ўн иштирокчидан бирининг тан олишича, ўқув адабиётидан бошқа китоб ўқимайди. Қатнашчиларнинг ярми (ўғил болалар) кўпинча тенгдошлари билан суҳбат қуриш, компьютер ўйнашни афзал билади. Тадқиқот хулосасига кўра, аҳолини, айниқса, ёшларни миллий ва жаҳон классик асарларини ўқишга тарғиб қилишнинг янги усул ва воситаларини шакллантириш тақозо этилади. 

Тадқиқот жараёнида ўсмирларнинг мақсад ва интилишлари ҳам ўрганилди. Ўрта ва юқори синф ўқувчиларининг деярли ҳаммаси (97,7 фоиз) ҳаётдаги мақсади ва келажакдаги режаларини белгилаб олган. 

Ҳар икки ўқувчидан бирининг ҳаётдаги идеали, қаҳрамони уларнинг ота-онаси экани аниқланди. Ўзбекистон ўсмирлари ўқитувчилари, таниқли сиёсатчилар, жамоат арбоблари, фан ва маданият намояндаларига ўхшашни истайди. Иштирокчиларнинг ўндан бири спортчи ва тиббиёт ходимларига меҳр қўйган. 

Ёшларнинг аксар қисми ўзларини ватанпарвар, деб билади. Уларнинг фикрича, Ватанга муҳаббат унга хизмат қилиш, тинчлик ва осойишталикни сақлаш, аждодлар меросини асраш, тарихи ва маданиятини билиш демакдир. Ватанни севишнинг энг олий кўриниши – уни ҳимоя қилишга ҳамиша шай туриш, деб ҳисоблайди. 

Ижтимоий сўров оила ва оилавий қадриятлар жамият, маънавият, миллий анъана ва урф-одатларнинг негизи эканини яна бир бор исботлади. Ўсмирларнинг 93,7 фоизи оила энг севимли ва яқин инсонларнинг иттифоқидир, дея хулоса берган.