Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни имзолаган «Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида келтирилган.

Давлат инспекциясининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари қуйидагилар бўлади:
- юридик ва жисмоний шахслар томонидан йўл қурилиши ишларида, йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш; 
- қурилиши тугалланган йўл объектларини фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссиялар ишида қатнашиш; 
- йўл қурилиши юзасидан шаҳарсозлик қонунчилигига риоя қилиниши устидан назорат қилишни ташкил этиш борасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифлар киритиш ва унда иштирок этиш; 
- йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш ишларини олиб бориш.

Президент фармони билан Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида ҳукумат қарорини қабул қилиш ҳақида кўрсатма берилган.