Ямайкалик енгил атлетикачи Усэйн Болт Laureus World Sports Academy (“Лауреус” жаҳон спорт академияси) талқинига кўра йилнинг энг яхши спортчиси, деб топилди. Йил спорти лауреатларига мукофотларни топшириш маросими Монакода бўлиб ўтди.

Болт мукофотни тўртинчи бор қўлга киритди, у аввал бу совринга 2009, 2010 ва 2013 йилларда ҳам эга чиққан. У Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинларида учта олтин медални қўлга киритди. “Йил спортчиси” мукофотига, шунингдек, америкалик баскетболчи Леброн Жеймс, португалиялик футболчи Криштиану Роналду, америкалик баскетболчи Стефен Карри, британиялик енгил атлетикачи Мо Фара ва унинг ҳамюрти, теннисчи Энди Маррей ҳам даъвогарлик қилди.

Йилнинг энг яхши аёл спортчиси деб 2016 йилги Олимпия ўйинларида тўрт карра ғолибага айланган америкалик гимнастикачи Симона Байлз тан олинди. “Йил қайтиши” йўналишида америкалик сузиш устаси Майкл Фелпс ғалаба қозонди. У 2016 йилги Ўйинларда 5та олтин ва бир кумуш медални қўлга киритди ҳамда Олимпиадаларда ютиб олинган олтин медаллар бўйича (23) рекорд ўрнатди. “Йил янгилиги” йўналишида “Формула-1” машиналарида жаҳон чемпионлигини илк бор қўлга киритган немис автопойгачиси Нико Росберг зафар қучди.

“Спорт қалби” номинациясида Англиянинг “Лестер” футбол клуби ғалаба қозонди. 2014-2015 йилги Англия чемпионати мавсумида мусобақада жон сақлаб қолишга ҳаракат қилган жамоа, 2015-16 йилги мусобақада ўз тарихида илк бор чемпионликни қўлга киритди. Йил жамоаси деб 2016 йилда 108 йил давомида илк бора Асосий бейсбол лигасида (MLB) ғалаба қозонган Американинг “Чикаго Кабс” бейсбол клуби тан олинди.

“Лауреус” мукофоти 1999 йилда жаҳонга машҳур бўлган бир неча бизнес компаниялар иштирокида халқаро жамғармалар томонидан таъсис этилган. Биринчи босқичда номзодларни спорт матбуоти танлаб олса, кейин академиянинг 50 нафар аъзоси ўртасида овоз бериш ўтказилади.