Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш Давлат Академик ўзбек драма театри Фарғона водийси бўйлаб гастролларини давом эттирмоқда. Бугун у Фарғона шаҳридаги Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов номидаги муҳташам театр-концерт саройида Қирғизистон халқ шоири, драматург Жалил Садиковнинг “Айкел Манас” спектаклини катта муваффақият билан намойиш этди. Қирғизистонлик санъаткорларнинг Фарғона водийси вилоятларига ижодий сафари бежиз эмасди. Бугун Фарғона водийсида 300 мингга яқин қирғиз миллатига мансуб аҳоли тўлақонли Ўзбекистон фуқароси сифатида тинч ва хотиржам яшамоқда. Уларнинг диний ва миллий урф-одатлари, анъана ва қадриятларини ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятлар яратилган. Қолаверса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев билан бўлган Самарқанддаги учрашувида маданият, санъат, жамоат ташкилотларининг тўғридан-тўғри алоқаларини янада мустаҳкамлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган эдилар. Аслида бу дўстлик пойдевори илгаридан қўйилган. Бундан 22 йил аввал Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Бишкекда ўтказилган “Манас” эпосининг 1000 йиллик тантаналарида икки халқ ўртасидаги дўстлик тўғрисида шундай деган эди:

- “Биз, ўзбеклар, бугун “Манас” эпосининг тўйида қатнашар эканмиз, бир нарсадан чинакам ифтихор қилишга ҳаққимиз бор. Қани айтинглар! Қирғиз халқининг улуғ ўғлони Манаснинг суюкли умр йўлдоши, елкадоши, тоғу таянчи ким бўлган? Унинг маслакдоши, достонда айтилганидек, энг қийин кунларида, умрининг охиригача садоқатли сафдоши ким бўлган? Биз, ўзбеклар, катта ғурур билан, фахр билан айтамиз-ки, бу аёл Бухоро хонининг суюкли қизи Хоникей бўлган. Шундан кейин, азизларим, ўзбек ва қирғизнинг қардошлигига яна қандай далил керак? Яна қандай исбот керак?”

- Юз йиллар оша ўз ота-боболарининг қутлуғ меросини кўз қорачиғидай асраб-авайлаб келаётган, қардош-жондош қирғиз дўстларимизнинг бу борадаги ишлари, мана шундай тарихий асарни бизнинг вилоятимизда намойиш этиб, халқимизнинг чуқур ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлгани барчамизни хурсанд қилади, - дейди Юсуфжонқизиқ Шакаржонов номли Фарғона Давлат драма театри актёри Муҳаммадсоли Аҳмедов. - Шунинг учун хам бу достонни яратган ва унга асрлар давомида сайқал бериб келган қирғиз халқининг бадиий заковатига, ноёб истеъдодли манасчи оқинларга ўз эҳтиромимизни, ҳурматимизни изҳор этамиз.

- Театримиз нафақат Қирғизистонда, балким бутун Марказий Осиёдаги ноёб санъат муассасаси ҳисобланади. Унинг ўзига хослиги шундаки, 100 йилга яқин давр мобайнида ўз анъаналарига содиқ қолди: қирғиз санъатини Ўзбекистонда ва ўзбек санъатини Қирғизистонда тарғиб қилиб, қўшни, қардош давлатлар ўртасида дўстлик кўприги вазифасини адо этиб келмоқда. Театрнинг қирғиз ва ўзбек халқлари маданияти тарихидаги алоҳида хизматлари ҳана шундадир, - дейди театр директори Набижон Мамажонов.

Театр Бишкек, Тошкент, Душанбе, Олмаота, Андижон шаҳарларида ўтган Халқаро театр фестивалларида “Соҳибқирон”, “Чингизхон олиб кетган сир”, “Чўлпон”, “Зўрдан зўр чиқса”, “Маликанинг кўз ёши”, спектакллари билан қатнашиб, совринли ўринларни эгаллади. Театр жамоаси Ўзбекистонда, Тожикистонда, Қозоғистонда, Санкт-Петербургда, Туркияда гастрол сафарларида бўлган.

“Айкел Манас” спектакли актёрларнинг моҳирона ижроси, декорациянинг тарихий манбалар асосида яратилгани, мусиқанинг воқеликка уйғунлашуви билан томошабинлар меҳри ва олқишини қозонди.

Қирғиз халқининг миллий қаҳрамони донишманд Манас тарқоқ қирғиз қабилаларини бирлаштиришга интилади, уларга ватанпарварлик ва мардликдан сабоқ беради. Манас образини яратган Акмалхон Арслонхонов унинг ички дунёси, фалсафий қарашлари, ботирлиги каби фазилатларини қиёмига етказиб ижро эта олган.

“Айкел Манас” спектакли томошасида Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари Бош вазирлари ўринбосарлари Адҳам Икромов ҳамда Жениш Разаков, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевлар ҳозир бўлдилар.

Муҳаммаджон Обидов