Эрон ҳарбий доктринасида ядровий қуролга ўрин йўқ. Бу ҳақда Эрон ТИВ вакили Баҳром Касими америкаликлар ҳукуматининг Теҳрон билан муносабатларда янги санкция қўлламоқчилигига жавобан мурожаатида айтиб ўтган.

Бундан аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу билан учрашуви якунида Эрон ядровий қуролга эга бўлмаслигини таъминлаш учун Теҳронга нисбатан янги санкциялар қўллаш нияти ҳақида айтганди.

15 февраль куни Трамп ва Нетаньяҳу икки томонлама учрашув ўтказди. Бундан ташқари, етакчилар матбуот анжумани ташкил қилиб, унда икки давлат ҳамкорлиги доирасидаги ишларнинг асосий йўналишларини белгилаб олди, шунингдек, халқаро кун тартибидаги энг долзарб масалаларга тўхталиб ўтди.

Икки сиёсатчи ўзларининг тегишли бўлинмаларига яқин ойлар ичида икки мамлакатнинг киберхавфсизлик, разведка, хавфсизлик, савдо, технологиялар, Эрон ва бошқа субъектлар туғдираётган хавфларга қарши кураш бўйича ҳамкорлигини кучайтириш учун қўшма ишчи гуруҳлар шакллантиришни буюрган.

"Яна бир бор такрорлайман, мамлакатнинг диний тамойилларига кўра ҳам, раҳбарият сиёсатига кўра ҳам Эрон ҳарбий доктринасида ядровий қуролга ўрин йўқ", — деган Касеми.

Эронга нисбатан янги санкциялар АҚШ томонидан февраль ойи бошида қабул қилинди. Трамп маъмурияти Эрон ва яна 6 давлат фуқароларининг АҚШга киришини тақиқлади. Санкцияга тушган компаниялар қаторида Эронда жойлашган 12та компания бор. Бу санкциялар Эроннинг баллистик ракеталар яратиш дастури ва Ливандаги шиаларнинг "Ҳезболлоҳ" гуруҳини қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ.