АҚШнинг Facebook ижтимоий тармоғи 2017 йил 17 февралидан саҳифаси бор компанияларга махсус бўлимда бўш иш ўринлари хусусида эълон бериш имконини тақдим этади. Фойдаланувчилар эса, бу эълонларга жавоб йўллашлари мумкин бўлади. Биринчи галда, ушбу лойиҳадан АҚШ компаниялари фойдалана олишади, деб ёзмоқда Business Insider нашри.

Эълон қилинган бўш иш ўринлари барча фойдаланувчиларга намойиш этилади. Бунинг учун улар компания саҳифасига кириши керак бўлади. Бундан ташқари, мобил иловалар ва сайт учун алоҳида бўлимлар яратилади. 

Фойдаланувчилар бу хабарларга жавоб беришади, Facebook ўз навбатида фойдаланувчининг шахсий маълумотларини компанияга тақдим этади. Иш қидирувчилар, Messenger орқали иш берувчи билан мулоқотда бўлиши ҳам мумкин.

Facebook тармоғининг реклама бўйича вице-президенти Эндрю Ботсвортнинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқ шу йўл билан бизнес оламининг муаммоларини ҳал этишга ёрдам беради.