«Газпром» таркибидаги GPD (Gas Project Development Central Asia) компанияси ва «Ўзбекнефтгаз» МХК Сурхондарё вилоятидаги газ конини ўзлаштириш бўйича маҳсулот тақсимотига (кейинги ўринларда МТ - таҳр.) оид битим тузишни режалаштирган. Бу ҳақда «Ўзбекнефтегаз» МХК бошқаруви раиси Алишер Султонов маълум қилган.

Унинг қайд этишича, GPD ва «Ўзбекнефтгаз» МХК Ўзбекистон президентининг шу йил апрелида Москвага қиладиган ташрифи вақтида битимни имзолайди.

Томонлар март ойи охирига қадар битимни тайёрлаб бўлади. 

«GPD ва «Ўзбекнефтгаз» 2017 йилнинг март ойи охиригача «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида разведка ва ўзлаштириш ишларини олиб бориб, Сурхондарёда газ-кимё комплексини қуриш бўйича «Ўзбекистон мустақиллиги» инвестицион блокига оид МТни тайёрлайди», дейилган хабарда.

Султоновнинг урғу қаратишича, газ кони геологик ва газ таркиби жиҳатидан жуда мураккаб ҳисобланади. Унинг қайд этишича, шунга қарамасдан, инвесторлар у ерда газни қайта ишлаш заводи қуриш,  келгусида эса тижорийлаштириш шартлари билан келмоқда.

Томонлар, шунингдек, Устюрт платосидаги Жел конида газ конденсатини ўзлаштириш бўйича яна бир МТ тайёрлаш ишларини давом эттирмоқда.

«Жел бўйича техник вазифа тайёрламоқдамиз, «Газпром» билан ҳамкорликда МТ тайёрлаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ишлар параллел олиб борилади», — дея қўшимча қилган «Ўзбекнефтгаз» раҳбари.

Алишер Султонов ўтган йилнинг сентябрида Москвада «Газпром» компанияси бошқарув раиси Алексей Миллер билан учрашув ўтказганди.

Томонлар икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган. Хусусан, гап Ўзбекистондан табиий газ хариди, шунингдек, республика ҳудудида инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида борганди.