Каталония ҳукуматининг собиқ раиси Артур Мас Испания марказий ҳукуматини мухтор вилоятга қарши “жирканч уруш” олиб боришда айблади.

Минтақа собиқ раҳбарининг фикрича, “мустақилликни (Каталониянинг) қўлга киритиш бўйича жараён озодликка интилмоқда, бу эса Испания давлати томонидан доимий таҳдид ва жирканч уруш олиб борилишига сабаб бўлди”. Маснинг аниқлик киритишича, қироллик ҳукумати раиси Мариано Рахой Каталония муаммосини ҳал қилиши мумкин, аммо бунга хоҳиши йўқ. Мухтор ўлка собиқ раҳбарининг таъкидлашича, “каталонияликларнинг 80 фоизи улар мустақилликни қўллаб-қувватлашидан қатъий равишда, референдумни исташмоқда ва талаб қилишмоқда”.

Мас айни дамда 2014 йили Каталонияни Испания таркибидан чиқариш бўйича сўровни ташкиллаштириш ишида асосий гумонланувчи бўлиб турибди. Мухтор вилоят собиқ раҳбари ҳокимиятни суистеъмол қилиш ва ҳуқуқ-тартибот органларига бош эгмасликда айбланмоқда. Прокуратура Масни 10 йил давомида давлат лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилишни талаб этаяпти.

Маълумот учун, Каталония – Испания шимоли-шарқидаги мухтор вилоятдир. Сўнгги йилларда бу ерда айирмачилик кайфияти кескин ошиб кетди. Вилоят парламенти ўтган йилнинг 6 декабрь куни мустақиллик ҳақидаги референдумни 2017 йилнинг сентябридан кечиктирмай ўтказиш ҳақидаги резолюцияни маъқуллади. Испания конституция суди эса бу ҳужжатни бекор қилди.