Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди. Фармон матни ЎзА томонидан келтирилган.

Маданият ва спорт соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, мазкур соҳада Ўзбекистон халқининг бой ва ўзига хос маданияти, санъати ва ижодиётини янада ривожлантиришни таъминлашга йўналтирилган давлат сиёсатини амалга ошириш самарадорлигини тубдан юксалтириш, аҳоли кенг қатламлари орасида маънавий-ахлоқий камолот ва соғлом турмуш тарзига интилишни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тугатилди ва унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ташкил қилинди.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари этиб белгиланган:
маданият соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, миллий маданий ва маънавий меросни асраб-авайлаш ва кўпайтириш, санъат ва бадиий ижодни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизнинг маънавий-ахлоқий ва маданий даражасини янада юксалтиришни рағбатлантириш, уни миллий ва жаҳон маданиятининг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш борасида тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш; 

аҳоли кенг қатламлари, айниқса, ёшлар қалби ва онгига мустақиллик, юксак маънавият, инсонпарварлик анъаналарига садоқат, миллий ўзликни англаш ғояларини янада чуқур сингдириш, радикализм ва экстремизмдек ёт ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш, жамиятнинг муттасил ортиб бораётган интеллектуал, эстетик ва маданий эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган оммавий-маданий тадбирларни ўтказишга қаратилган маърифий ишларни амалга ошириш; 

бадиий ижод, шу жумладан, театр, мусиқа, хореография, эстрада, цирк ва халқ амалий санъатини янада ривожлантиришни рағбатлантириш, халқимиз тарихи ва бугунги ҳаётининг энг ёрқин саҳифаларини, мамлакатимизнинг эркин демократик тараққиётини акс эттирувчи асарлар яратишда ижодий жамоаларга, айниқса, ижодкор ёшларга ҳар томонлама кўмаклашиш; 

маданият муассасалари, жумладан, театрлар, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, маданият ва истироҳат боғлари, музейлар ҳамда бошқа маданий-маърифий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш, маънавий етук, интеллектуал баркамол ва юксак маданиятли шахсларни тарбиялаш ишида ушбу муассасалар имкониятларидан янада тўлиқ фойдаланиш; 

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жумладан, маҳаллий ҳокимият идоралари, жамоат ташкилотлари, ўқув юртлари, ижодий уюшмалар ва бошқа ташкилотлар билан фаолиятнинг асосий вазифа ҳамда йўналишларини, маданий-маърифий тадбирларни амалга оширишда, маданият ва ижодий муассасалар ишининг самарадорлигини таъминлашда мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш;

маданият соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнини миллий ва умуминсоний қадриятлар, инсонпарварлик ва юксак маънавият руҳида такомиллаштириш, бунда замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан, илғор халқаро тажрибалардан фойдаланиш, маданий-маърифий муассасалар ва ўқув юртларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш; 

давлатлараро ва халқаро маданий алоқаларни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг маданий меросини, мамлакатимиз ижодий жамоалари ва муаллифлари асарларини, жумладан, конференциялар ва кўргазмалар, маданий тадбирлар ва анжуманлар ўтказиш йўли билан чет элларда кенг тарғиб қилиш, маданият соҳасига хорижий инвестициялар ва грантлар жалб этиш, шунингдек, маданият соҳасига оид оммавий адабиётларни чоп этиш, видео ва кино материаллар тайёрлаш.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари этиб белгиланган: 
жисмоний тарбия ва спорт соҳасида аҳоли кенг қатламини спорт билан шуғулланишга ва соғлом турмуш тарзини юритишга жалб этиш, жисмонан соғлом авлодни тарбиялаш, спорт индустрияси ва инфратузилмасини ривожлантириш, мамлакатимизнинг халқаро спорт майдонларидаги ютуқларини тарғиб қилиш ва унинг кенг эътироф этилишига қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари билан биргаликда аҳоли, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар, кексалар, қишлоқ аҳолиси ўртасида спорт ҳамда жисмоний тарбия билан шуғулланишни оммалаштириш борасида кенг кўламли ишларни ташкиллаштириш, шаҳарлар ва туманларда оммавий спорт тадбирлари, миллий спорт турлари бўйича халқ ўйинлари ва мусобақаларини мунтазам ўтказиб бориш; 

болалар, айниқса, қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишга кенг жалб этган ҳолда, болалар спортини ҳар томонлама ривожлантириш, болалар спорт таълими сифатини ошириш, барча ҳудудларда, жумладан, қишлоқ ва олис туманларда болалар спорт объектлари тармоғини янада кенгайтириш, уч босқичли “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари ўтказилишини ташкил қилиш, бунинг асосида болалар соғлиғини мустаҳкамлаш ва уларнинг жисмонан баркамол ривожланишини таъминлаш; 

Миллий олимпия қўмитаси, спорт турлари бўйича федерациялар ва ассоциациялар билан биргаликда истеъдодли ва истиқболли спортчиларни танлаш, тайёрлаш ва маҳоратини оширишнинг узлуксиз тизимини такомиллаштириш, уларнинг Олимпия ва Осиё ўйинларида, жаҳон ва Осиё чемпионатларида, бошқа нуфузли халқаро мусобақалар ва турнирларда муваффақиятли иштирок этишини таъминлаш учун сифатли спорт захираси ва мамлакат терма жамоалари таркибларини шакллантириш чора-тадбирларини амалга ошириш; 

мамлакатимизда профессионал спортни ривожлантириш, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, спорт тайёргарлиги жараёнига замонавий технологиялар жорий этилиши, спорт турлари бўйича миллий чемпионатлар даражаси ва сифатини ошириш, халқаро ва минтақавий мусобақалар ташкил этиш, носоғлом спорт рақобатига ва тақиқланган препаратлар ишлатилишига қарши тизимли чоралар кўришни рағбатлантириш; 

жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт ташкилотлари, объектлари ва иншоотларининг оммавий спорт, болалар спорти ва профессионал спорт йўналишлари бўйича моддий-техник базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, улардан максимал даражада ва самарали фойдаланишни таъминлаш, спорт асбоб-ускуналари ҳамда инвентарларини мамлакатимизда ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда қатнашиш; 

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ҳамда спорт ташкилотларини, таълим ва спорт-таълим муассасаларини юқори малакали мураббийлар ва бошқа спорт мутахассислари билан таъминлаш; 

спорт соҳасида давлатлараро ва халқаро спорт алоқаларини кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасига хорижий инвестициялар ва грантлар жалб этиш борасидаги ишларни ташкил қилиш, оммабоп спорт дастурларини ташкил этишга кўмаклашиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасига оид оммавий адабиётлар чоп этиш, видео ва кино материаллар тайёрлаш.