McDonald's компанияси STRAW "инновацион" коктейль трубкаларини ишлаб чиқиш учун NK Labs ва JACE Design компаниялари муҳандисларини ёллади. Бундан аввал жамоа Google'нинг Project Ara модул смартфонини яратиш бўйича лойиҳада иштирок этган. Бундан ташқари, муҳандислар NASA ва DARPA агентликларига ёрдам берган. Fast Company шу мавзудаги мақоласи билан бўлишди.

"Мен аввал бошданоқ ўйладим: бунинг ҳеч қандай қийин жойи йўқ. Биз икки йўлли трубка қилишимиз мумкин, унинг бир қисми узунроқ, иккинчиси эса калтароқ бўлади. Ҳеч қандай муаммо йўқ. 

Кейин эса ўйланиб қолдик, бундай трубочкани стаканга туширилса, унинг бир қисми ҳавони торта бошлайди... Бу шундай нарсаки, кўринишидан оддий бўлгани билан ишлаб чиқариш жараёнида бир қатор муаммолар юзага келади. Маълум бўлишича, йўл-йўлакай бир неча илмий ва муҳандислик муаммолар ҳал қилинган". 

Сет Ньюбург, NK Labs бош муҳандиси ва бошқарувчи ҳамкори

Прототипларни синовдан ўтказиш давомида муҳандислар 100 та Shamrock Shake коктейлини харид қилишларига тўғри келди. Бундан ташқари, намуналар сув ва ёғ ёрдамида текширилган ҳамда ичимликни икки босқичини тортиш жараёнининг 3D-моделини яратишган. 

Муҳандисларнинг ишонч билан таъкидлашларича, натижада улар муваффақиятга эришишган ва ичимликнинг икки қисмини бир вақтнинг ўзида тенг миқдорда ичиш имконини берувчи трубкани яратишган. 

Fast Company хабарига кўра, икки мингга яқин STRAW АҚШнинг McDonald's мавжуд 80 шаҳрида бепул тарқатилади. Тажриба муваффақиятли ўтган тақдирда компания "инновацион" трубкани оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.