Норвегия қироли Харальд V Бельгия, Испания ва Нидерландия қироллари каби йўл тутмаслигини, яъни ўғли фойдасига тахтдан воз кечмоқчи эмаслигини айтди. Қирол бу ҳақда Норвегия телеграф бюросига берган интервьюсида маълум қилди. У бу интервьюни яқинлашиб келаётган 80 йиллиги муносабати билан берган. 

Қиролнинг айтишича, у агар валиаҳд шаҳзода Хокон Магнус уни бундай қилишга ишонтира олса, тахтдан воз кечиши мумкин.

"Бироқ бу вақтга келиб, эҳтимол, мен нима бўлаётганини тушунолмасам керак", деб ҳазилолмуз жавоб берган қирол.

Айни вақтда Харальд V фарзанди унга мунтазам ёрдам беришни таклиф қилишига қарамасдан, унга ўзининг маросимлар бўйича мажбуриятларини ҳам топширмоқчи эмас.

"Бизнинг жамоада 4 киши бор (қиролнинг ўзи ва қиролича Соня, Хокон Магнус ва унинг рафиқаси, малика Метте-Марит). Биз биргаликда ишлаймиз, тез-тез учрашиб, кўп нарсаларни муҳокама қиламиз. Бу форматни ўзим жорий қилганман, бу нарса валиаҳд шаҳзода бўлганимда менга етишмаган", деб айтди қирол.

Қирол улуғ ёшини 21 февралда нишонлайди. Қиролича Соня қиролдан 5 ойга кичик ва  у ҳам шу йили 4 июлда 80 йиллигини нишонлайди. Қиролнинг айтишича, у кекса ёшига қарамасдан, ўзини чол деб ҳисобламайди ва у аввал кексалик деб ўйлаган 80 ёш у учун ҳозирда фақатгина рақамларни англатади.