Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили У.Муҳаммадиев ҳисобот билан сўзга чиқди. Омбудсман фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан ўзи томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар тўғрисида депутатларга маълумот берди.

Ҳисоботда таъкидланганидек, 2016 йил давлат, жамият ва фуқароларнинг ўзаро муносабатлари тизимини тубдан ўзгартирган воқеаларга тўла бўлди. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга, марказда ва жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарини очишга доир қабул қилинган қарорлари алоҳида аҳамиятга эгадир. Давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Киритилаётган ушбу янгиликлар умумий мақсад – давлат ва жамиятнинг жадал ривожланишини таъминлаш, фуқароларнинг муносиб ва фаровон ҳаёти учун шароитлар яратиш, уларнинг шахсий, сиёсий, социал ва иқтисодий ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали амалга оширишдан иборат.

“Адолат – қонун устуворлигида” тамойили Омбудсман фаолиятининг асосига айланди.

2016 йилда Омбудсман томонидан Виртуал қабулхона ва “1096” рақамли тўғридан-тўғри алоқа телефони очилди.

Омбудсман 2016 йилда Олий Мажлис томонидан қабул қилинган қонунларни ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишнинг барча босқичларида фаол иштирок этди. Омбудсман назорат-таҳлил фаолиятининг материалларидан парламент эшитувлари жараёнида, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларининг маърузаларини муҳокама қилиш чоғида кенг фойдаланилди.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурини амалга ошириш доирасида Омбудсман томонидан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, аёллар, тўлиқ бўлмаган оилаларда тарбияланаётган болалар, етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди.

Фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, жойларда жамоат ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган социал-иқтисодий ва маданий дастурларга кам таъминланган оилалар аъзоларини, аёлларни, ёшларни ва кекса ёшдаги фуқароларни жалб этишга доир манзилли фаолият чоғида Омбудсманнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги чуқур ижтимоий аҳамият касб этди.

Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига кўра парламент юқори палатаси томонидан қабул қилинган амнистия ҳужжатини татбиқ этишнинг қонунийлиги ва холислиги устидан парламент ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширишда иштирок этди.

Ўзбекистон Омбудсмани Халқаро Омбудсман институтининг, Европа Омбудсман институтининг ва Осиё Омбудсманлар уюшмасининг аъзоси ҳисобланади. Омбудсман халқаро алоқаларининг ривожланишини таҳлил қилиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларига ва давлат дастурларига жаҳон ҳамжамиятининг қизиқиши анча ошганлиги тўғрисида гувоҳлик беради. Омбудсманнинг халқаро форумларда иштирок этиши инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш соҳасида Ўзбекистон тажрибасини очиб бериш имконини берди. Халқаро тадбирлар давомида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Япония, Жанубий Корея, Таиланд, Литва, Латвия, Туркия ва бир қатор бошқа мамлакатлар Омбудсманлари билан учрашувлар ўтказилди.

Омбудсман ҳисоботини муҳокама қилиш мобайнида сиёсий партиялар барча фракцияларининг ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқди.

Ҳар томонлама муҳокама қилиш давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар ва тегишли қарор қабул қилдилар.