Остонадаги Сурия бўйича учрашувда мухолифатдан нечта гуруҳ қатнашаётгани маълум бўлди

Жаҳон 16 Февраль 2017 3462

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг Осиё ва Африка департаменти директори Айдарбек Туматов Сурия можароси бўйича Остона учрашувида мухолифатнинг тўққизта гуруҳи иштирок этаётганини маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

«Мухолифат делегациясига «Жайш ал-Ислом» вакили Муҳаммад Алуш бошчилик қилмоқда. Мухолифатдан тўққизта гуруҳ», - деди у.

Аввалроқ музокаралар бўйича Сурия мухолифат олий қўмитасининг бош музокарачиси Муҳаммад Алуш Остонага Суриядаги можарога бағишланган учрашувда иштирок этиш учун келгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қайрат Абдраҳманов эса Сурияда тинчлик ўрнатишга қаратилган Остона музокараларининг навбатдаги босқичи иштирокчилари ўт очишни тўхтатиш тартибини бузиш ҳолатларини кузатиш ва уни бузганларга нисбатан санкцияларни муҳокама қилишни режалаштирганликлари ҳақида маълум қилганди.

Кўпроқ янгиликлар