Пластик карта орқали тўловларда унинг ҳақиқий эгаси келиши талаб этиладими?

Ўзбекистон 16 Февраль 2017 109343

Kun.uz сайти фуқароларнинг шикоятлари асосида иш олиб боришда давом этади.

Шикоятларда банкка пластик карта эгаларининг яқинлари маълум бир давлат ташкилотларида тўловларни амалга оширмоқчи бўлишса, картанинг ҳақиқий эгаси келишини талаб этилаётгани юзасидан аниқ белгилаб қўйилган бандлар ҳақида тушунарли тилда бизга ёзиб беришларини илтимос қилишган. 

Банкка бу борада қилинган мурожаатга қайтарилган жавобда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2004 йил 30 апрелда 1344-сон билан давлат рўйхатига олинган “Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-бандига асосан банк пластик карта эгаси бўлмаган шахс, карта эгасининг рухсатисиз ундан фойдаланиши мумкин эмаслиги қайд этилган.

Шу билан бир қаторда, юқоридаги Низомга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ (рўйхат рақами 1344-2, 2011й. 13 июль), товарлар (иш ва хизмат) учун пластик карточкалар орқали тўловларни қабул қилаётган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан пластик карточка эгасидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинмаслиги ҳам ёзилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2013 йил 21 ноябрда 2528-сон билан давлат рўйхатига олинган “Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат” Қоидаларининг 22-бандига асосан тижорат банклари жисмоний шахслар томонидан тижорат банкида жойлашган терминаллар орқали пластик карталардан фойдаланилган ҳолда операциялар (нақд маблағлар ечиш, товар ва хизматларга тўловлар) амалга оширилганда (коммунал ва алоқа хизмати, бюджет, бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бундан мустасно) мижозларни лозим даражада текшириш бўйича мустақил равишда чора-тадбирларни кўришлари ҳам белгиланган.  

“Юқоридагилардан келиб чиқиб, жисмоний шахслар томонидан тижорат банкида жойлашган терминаллар орқали пластик карталардан фойдаланилган ҳолда коммунал ва алоқа хизмати, бюджет, бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар амалга оширилганда тижорат банклари улардан шахсни тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилишга ҳақли эмас”, дейилган мактубда.

Хулоса шуки, пластик картанинг ҳақиқий эгаси банк ташкилотларига кириб, банк фаолияти билан боғлиқ бошқа амалиётларда, шунингдек ФҲДЁ, суд, нотариал каби идораларидаги давлат божлари тўлови қилинса, талаб этилади. Қолган барча ташкилот ва муассасалар бундай талабни қўйишга ҳақли эмас.

Кўпроқ янгиликлар