Сурия ташқи ишлар вазирлиги Human Rights Watch ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан Сурия армияси томонидан Ҳалабда кимёвий қурол қўллангани бўйича айбловни рад этмоқда. Бу ҳақда SANA ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

"Сурия ҳукумати Human Rights Watch ташкилотининг Сурия армияси ва унинг иттифоқдошлари томонидан Ҳалабни озод қилишда заҳарли моддалар қўллангани айтилган маърузасидаги барча ёлғон айбловларни рад этади", дейилган хабарда.

Вазирликда айтилишича, HRW маърузаси "нопрофессионал ва ноилмий ҳисобланади ва фактларни нотўғри келтирган".

Вазирликда Сурия бу маърузани қатъий қоралаши қўшимча қилинди.

Аввалроқ HRW Башар Асадга бўйсунувчи Сурия армияси 2016 йилда Ҳалабда мухолифат томондан назорат қилинувчи ҳудудларда камида 8 маротаба кимёвий қурол қўллагани ҳақидаги маърузани чоп этганди. Маърузадаги маълумотларга кўра, бунинг оқибатида камида 9 фуқаро, жумладан 4 нафар бола ҳалок бўлган ва 200 га яқин одам жароҳатланган.