Туркманистон сайлов ва референдумлар ўтказиш бўйича марказий сайлов комиссияси мамлакат президенти учун 12 февраль куни бўлиб ўтган сайловларнинг якуний натижаларини эълон қилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар бермоқда.

Туркманистон марказий сайлов комиссия раиси Гулмурод Мирадовнинг хабар беришича, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 97,69 фоизи мамлакатнинг амалдаги президенти Гурбангули Бердимуҳамедовни қўллаб-қувватлаган.

Бердимуҳамедовнинг саккиз нафар рақобатчисидан озиқ-овқат саноати Давлат бирлашмаси раиси ўринбосари Мақсад Аннанепесов энг кўп овозларни қўлга киритди – 1,02 фоиз. Сайловчиларнинг энг кам овозини эса Аграр партиянинг Марий вилояти қўмитаси раҳбари Дурдиқилиқ Оразов эгаллади – 0,06 фоиз.

Президент лавозими учун даъвогар бўлганлар номзодларнинг умумий натижаси эса сайловчиларнинг 2,3 фоиз овозига эга бўлди. 

Мирадовнинг сўзларига кўра, марказий сайлов комиссияси Туркманистон сайлов кодексининг 76-моддасига кўра сайловчиларнинг энг кўп овозини қўлга киритган номзод Гурбангули Маликқулиевич Бердимуҳамедов Туркманистон президенти этиб сайланган, деб тан олинганини маълум қилди.

Ўз навбатида, Бердимуҳамедов номзодини қўллаб-қувватлаган фуқароларга ўз миннатдорчилигини билдирди. 

"Сайлов натижалари беш йил аввалги кўрсаткичдан анча юқори экани қувонарли. Бу ўтган беш йиллик даврда катта муваффақиятларга эришилганидан, шунингдек мамлакатда барчаси халқ манфаатини ҳимоя қилиш учун қилинаётганидан дарак беради", - деди давлат раҳбари.

2016 йилнинг 14 сентябрь куни қабул қилинган Туркманистон янги конституциясига кўра Гурбангули Бердимуҳамедов 7 йилга президент этиб сайланди. У аввал давлат раҳбари лавозимига икки бор беш йиллик муддатга сайланганди. Ўтган президентлик сайловларида Бердимуҳамедов сайловчиларнинг 97,14 фоиз овозини қўлга киритиб, ғалаба қозонган.