Ўзбекистон ва Россия вакиллари россияликлар нефтини Ўзбекистонга етказиб беришнинг механизмларини ҳаётга татбиқ этиш вариантларини муҳокама қилишади. 

Россия энергетика вазири ўринбосари Кирилл Молодцовнинг қайд этишича, Ўзбекистон ва Россия 2017 йилнинг мартида республикага Россия нефтини етказиб беришнинг самарали механизмини яратиш бўйича таклифларини тайёрлайди.

Унинг айтишича, томонлар икки давлат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга имкон берувчи қарорни қабул қилади.

«Биз «Ўзбекнефтгаз» билан ҳамкорликда Ўзбекистонга нефть етказиб бериш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишимиз лозим. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш йўлини топамиз», — деган у Тошкентда бўлиб ўтган иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлисидан кейин.

Молодцов Собиқ Иттифоқ даврида қувурларнинг технологик имконияти Ўзбекистонга йилига 7-9 миллион тонна нефть етказиб бериш қувватида бўлганини келтириб ўтган.

«Ҳозирда қувурлар тизимининг техник ҳолати ҳақида аниқ фикр айтиш қийин, чунки чегараларимиз умумий эмас. Бу масалани Қозоғистон билан ҳал қилиш лозим. Шу йўналишда иш олиб борилади», — деган у.

Таъкидланишича, айни вақтда Ўзбекистонга нефтни темир йўл транспорти орқали етказиб бериш иқтисодий жиҳатдан самарасиз ҳисобланади, шу туфайли бошқа самаралироқ вариантлар кўриб чиқилади.

Россия Ўзбекистонга нефтни Омск - Павлодар - Чимкент – Зафаробод магистрал нефть қувури орқали етказиб бериши мумкин. Эндиликда бу нефть қувурининг техник ҳолатини аниқлаш керак бўлади.

Молодцов бу масалани ҳал қилишда Қозоғистон билан келишиб олиш кераклигини, бу борада иш бошланганини қайд этиб ўтган.